Халқаро пресс-клубнинг 2018 йилдаги биринчи сессияси “Бюджет 2018: халқ манфаатлари, аниқ кўрсаткичлар ва янги ёндашувлар” мавзуида бўлиб ўтди.
Унда сенаторлар, Молия, Адлия, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирликлари, Давлат солиқ қўмитаси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Тараққиёт стратегияси маркази, олий таълим муассасалари вакиллари, фермерлар, томорқа ер эгалари, миллий ва хорижий журналистлар иштирок этди.
Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси М.Жумагалдиев, Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси ўринбосари Б.Тожиев, иқтисодиёт вазирининг биринчи ўринбосари М.Мирзаев, Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Н.Норбоев, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Б.Юсупов мавзу юзасидан маълумот берди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида мамлакатимиз бюджет маблағларини шакллантириш, солиқ тизимини такомиллаштиришда ошкораликни таъминлашга доир ўринли кўрсатмалар берилган эди.
Тадбирда 2018 йилги давлат бюджетини шакллантиришда бу жиҳатлар алоҳида инобатга олингани қайд этилди.
Жорий йилдан эътиборан, Молия вазирлиги томонидан молиялаштириладиган вазирликларда Аудит ва молиявий назорат бошқармалари ташкил қилинди. Эндиликда мазкур бошқармалар бюджетдан ажратиладиган маблағларни назорат қилиб боради.
Яна бир муҳим ўзгариш давлат бюджетининг қуйидан юқорига қараб шаклланишида кўзга ташланади. Авваллари республикадан туриб туманлар ва вилоятлар бюджети тасдиқланган бўлса, жорий йилдан бу тизим тубдан ўзгарди. Унга кўра, дастлаб туман маҳаллий бюджети, сўнгра вилоят ва ниҳоят давлат бюджетини шакллантириш тизимига ўтилди. Ҳудудий бошқарув органларининг бюджет маблағларини шакллантиришда солиқ, молия ва иқтисодиёт соҳалари органларининг масъулияти оширилди. Яъни бу органлар туман имкониятларидан келиб чиққан ҳолда бюджетни шакллантириш учун таклифлар беради. Маҳаллий Кенгаш депутатлари маҳаллий бюджетнинг сарфланиши ҳақида ҳар чоракда ҳисобот қабул қилади. Натижалар маҳаллий оммавий ахборот воситаларида эълон қилиб борилади.
Тадбирда давлат бюджетининг шаклланиш манбалари ҳақида маълумот берилди. Таъкидланишича, мамлакатимизда давлат бюджетининг асосий манбаи солиқлардан келиб тушадиган даромаддир. Биргина 2017 йил маълумотлари таҳлили давлат бюджетининг 76 фоизи солиқлардан шаклланишини кўрсатмоқда. Уларнинг энг катта улуши жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ҳисобланади.
Спикерлар 2018 йилда ижтимоий соҳага 34,7 триллион сўм, қабул қилинган Давлат дастурларини амалга ошириш учун 8,5 триллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилиши режалаштирилаётганини маълум қилди. Шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорлар учун қатъий ўрнатилган солиқ ставкаларини ўртача 30 фоизга пасайтириш назарда тутилмоқда. Бу, ўз навбатида, аҳолининг тадбиркорлик фаоллигини ошириш имконини беради.
Маълумки, 2018 йилда фермер хўжаликларини босқичма-босқич кўп тармоқли фермер хўжаликларига айлантириш бўйича Дастур сенаторлар томонидан Олий Мажлис Сенатининг 2017 йил 20-21 декабрь кунлари бўлиб ўтган ўн учинчи ялпи мажлисида маъқулланган эди. Шу кунларда ушбу муҳим ҳужжатнинг мазмун-моҳиятини аҳолига кенг тушунтириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Тадбирда 2018 йилда мамлакатимиз бўйича 21 минг 634 фермер хўжалигида кўп тармоқли фаолиятни йўлга қўйишга қаратилган 23 мингга яқин лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилаётгани таъкидланди. Хусусан, кўп тармоқли фермер хўжаликлари томонидан 7,4 минг гектар ерда интенсив боғлар, 4,3 минг гектарда янги токзорлар ва 844 гектарда иссиқхоналар ташкил этилади.
Халқаро пресс-клуб сессиясида журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди.
Улуғбек Асроров, ЎзА
Манба: ЎзА