Қонунбузарлар божхона ходимларини чалғитиш мақсадида турли исм-фамилиялардан фойдаланди
Тошкент шаҳар божхона бошқармаси “Бошпочтампт” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходимлари томонидан Туркиядан юборилган почта жўнатмаларидаги маълумотларни таҳлил қилиш давомида қонунбузарлик аниқланди.
Жами оғирлиги 1 минг 120 килограммдан ортиқ бўлган ушбу жўнатмалар 55 нафар фуқаролар номига юборилган бўлса-да, жўнатмалардаги манзил ва боғланиш учун телефон рақамлар айнан бир хил бўлиб чиқди.
Кўриниб турибдики, уларни қабул қилувчи аслида битта шахс бўлиб, божхона ходимларини чалғитиш мақсадида турли исм-шарифлардан фойдаланилган. Шу тариқа қонунбузарлар почта жўнатмалари орқали қиймати 150 миллион сўмлик 3 минг донага яқин турли хилдаги кийим кечакларни олиб киришга уринган.
Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг “Чуқурсой техник идора” чегара божхона пости ходимлари Республика транспорт прокуратураси ходимлари билан ҳамкорликда фуқаро М.Исматов (мақоладаги барча исм-фамилиялар ўзгартирилган) номига Хитойдан келган контейнерларни божхона кўригидан ўтказиш чоғида, юк кузатув ҳужжатларида кўрсатилган умумий қиймати 6 минг 690 АҚШ долларига тенг ишлаб чиқариш дастгоҳлари билан бирга ҳужжатларда кўрсатилмаган 3 минг 500 дона косметика ва парфюмерия товарлари, 1 минг 650 дона чўғланма электрлампалар, 108 тонна ширинликлар ҳамда хўжалик товарлари борлиги маълум бўлди.
Ушбу аниқланган товарларнинг нархи салкам 920 миллион сўмни ташкил этади. Контейнерни божхона кўригидан ўтказиш вақтида аниқланган электр чўғланма лампочкаларининг қуввати 500 Вт. бўлиб, Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 20 октябрдаги “Энергияни тежайдиган лампалар маҳаллий ишлаб чиқарилишини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори талабларига биноан 2017 йилнинг 1 январидан бошлаб бу турдаги маҳсулотларни реализация қилиш тақиқланган.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув жараёнлари давом эттирилмоқда.
Нурулло Насриев, ЎзА
Манба: ЎзА