Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбек фанининг пиру комиллари
2018-01-11 | Жамият
2018 йил арафасида юртимиз узра ажойиб хушхабар тарқалди: Давлатимиз раҳбари Фармонига биноан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ҳайъати ва тегишли фан ихтисосликлари бўйича фаолият кўрсатаётган ҳақиқий аъзоларининг тавсиясига асосан 32 нафар олим Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси этиб тасдиқланди. Бу нуфузли органга кўпдан буён янги аъзолар сайланмаганлигини ҳисобга олсак, маданий ҳаётимизда катта воқеа содир бўлганлигини ҳис қиламиз.
Ҳар қандай олим унвонига академик таърифи берилиши жуда катта мартабани англатади. Илм пиллапоялари сари кўтарилган истеъдоднинг энг олий чўққисидир академиклик. Хаёлотга эрк бериб, фандаги даражаларни шартли равишда ҳарбий унвонларга муқояса қилсак, фан доктори ва профессорлик генералликка менгзалса, академик унвонини маршалликка қиёслаш мумкин.
Яширишнинг ҳожати йўқ, кейинги йилларда академикларимиз бироз назардан четда қолишди. МДҲнинг айрим мамлакатларида Фанлар академияси тугаб бораёзганди. Бизда ҳам шундай бўлишига оз қолганди. Йўқ, — деди Президентимиз Ш. Мирзиёев, — юртимизда донишманд инсонларнинг ўрни ҳамиша тўрда бўлган.
Шу гап кўп ўтмай амалий ифодасини топди. Академикларимизга юксак ҳурмат-эҳтиром кўрсатилганда биз, зиёлиларнинг қалбимиз ҳам ифтихор туйғуларига тўлди.
Эҳ-ҳе, 1943 йилда ташкил этилган Ўзбекистон Фанлар академиясига кимлар аъзо бўлмаган дейсиз. Биз академик деганда Тошмуҳаммад Қори-Ниёзий, Ғафур Ғулом, Ойбек, Тошмуҳаммад Саримсоқов, Ҳабиб Абдуллаев, Саъди Сирожиддинов, Муҳаммаджон Ўрозбоев, Обид Содиқов каби буюк даҳоларни тасаввур этардик. Ёшларимиз, илм оламига қадам қўйган ҳар бир олим ана шу мутафаккирлар таълимини олишга ҳаракат қилишар, уларга интилишарди. Тўғри, бундай афсонавий шахсларнинг етилиши учун йиллар талаб қилинган. Лекин ҳозир шу даражада алломалар намоён бўлиши учун ҳамма шароит бор.
Турон элида илм соҳаси пешқадамлари бир фан билан чекланиб қолмасдан, қомусий билимлар соҳиби бўлиши азалий анъанадир. Ибн Сино, Абу Наср Форобий, Абу Райҳон Беруний каби инсониятга бебаҳо кашфиётлар туҳфа этган алломалар бир вақтнинг ўзида турфа фанларда жавлон уришган. Биргина ўзимиз эслайдиган Қори-Ниёзий ҳам математика фани осмонида юлдуз бўлиб порлаган бўлса, маданият, фалсафа соҳасида ҳам мактаб яратганлиги сир эмас.
Академик унвонига сазовор бўлган инсон жамиятимизда жуда катта салоҳиятга эга, давр қўяётган талабларни дилдан ҳис этадиган, ҳар жиҳатдан юртдошларига намуна, кўзгу бўладиган шахсдир. Шу ўринда рус шоири Некрасовнинг қуйидаги сатрлари ёдимизга келди:
“Майли, шоирликни айласанг ҳам тарк,
Лекин гражданин бўлишинг керак”.
Эҳтимол, сиз физиканинг оптика соҳаси бўйича ноёб мутахассисдирсиз. Сиз яратган янгилик жаҳоншумул аҳамиятга мансуб бўлиши мумкин. Лекин ватанпарварлик бобида бошқаларни ортингиздан эргаштирадиган фазилатга эга бўлмасангиз, бугунги замон даражасида эмассиз. Ундай олимга навқирон авлод ихлос қўймайди, ўзига идеал деб ҳисобламайди.
Гоҳида ўйлаб қоламан: биз олтмишинчи йилларда қишлоқ мактабида ўқиганимизда тирик академикни кўрганмизми? Афсуски, йўқ. Мактабимизга санъаткорлар келишган, ёзувчилар ташриф буюришган. Академик билан учрашмаганмиз. Агар ўшанда бирор академик мактабимизга келганида биз, мурғак қалбларга билим олиш, китоб ўқиш ҳақида гапирганларида бу сўзлар умрбод юрагимизда муҳрланиб қолган бўларди. Бамисоли қақроқ ерга сув қуйилгандек бўларди. Майли, бу ўйлар армон бўлиб қолсин, уни реал воқеликка айлантириш янги сайланган академикларимиз зиммасида. Зеро, Президентимиз Фармонида белгиланган “йўл харитаси”да “таълим жараёнида иштирок этиш, иқтидорли ёшларни илмий фаолиятга жалб қилиш” деган махсус банд бор.
Бугунги академик узлуксиз изланиши шарт. Бир вақтлар “Аввал авторитет учун ишланг, сўнг авторитет сиз учун ишлайверади” деган тушунча бор эди. Бу тамойил ҳозирги даврга тўғри келмайди. Эндиликда бир кун изланишдан тўхтаган одам ҳаётдан ортда қолади. Ҳар ишда, ҳар соҳада инновация қидириб яшаш керак. Олим халқи кўпинча хаёлпараст бўлади. Бу бошқаларнинг хаёлига келмаган фавқулодда янгилик яратиш учун имкониятдир. Шу маънода академик тафаккурда бошқалардан бир қадам олдинда юриши талаб қилинади.
Академик мураббий сифатида ёшлар орасида ажиб аура яратиши керак. Унга навқирон авлод маҳлиё бўлиб қолсин, устозга ихлос қўйсин. Бу юксак мартабага эришган инсон обрўйи унга тақдим этилган моддий таъминот ёки имтиёзлар туфайли эмас, балки бу шахснинг интеллектуал салоҳияти, бой тажрибаси шарофати билан вужудга келсин. Академик ҳамиша миллати ва халқини ўйлаши, шу йўлда янги ихтиролар кашф этиш учун изланиши зарур.
Бунёдкорлик, Ватан қудратини юксалтириш каби эзгу ғоялар билан ёшлар эргаштирилса, келажак иморати пухта яратилишида кўнглимиз тўқ бўлади. Ҳар бир академикнинг бугун ўз сўзи бўлиши лозим. У ўзи яшаб турган жамиятнинг бир қисми ҳисобланади. Устоз оғзидан чиққан калом ёшлар қалбида ватанпарварлик, инсонга муҳаббат туйғуларини жўш урдирсин.
Академик ўзи мансуб бўлган илм оламида ўз мактабини яратиши керак. Бугунги кунда ҳам шу улуғ вазифани қойил қилган алломаларимиз анчагина. Ана шу фазилатга эга бўлиш нисбатан ёш академикларимизга муносибдир. Қаранг, янги сайланган олимлар ичида Фанлар академияси Ботаника институти директори Комил Тожибоев эндигина 42 ёшда экан. Журналистларимиз бу йигитнинг отасидан интервью олишибди. Отахон фарзанди эришган мартаба учун шундай шароит яратилганидан, ажойиб илмий муҳитдан хурсанд бўлиб, Президентимизга миннатдорлик билдирибди. Жамоатчилик нафақат ёш академикка, балки унинг отасига ҳам ҳавас қиляпти. Бу ҳам давлатимиз ёшларга эътибори кучайганлигидан яна бир далолатдир.
Дунёнинг ривожланган мамлакатларида университет ва институтларнинг нуфузи у ерда қанча Нобель мукофоти лауреатлари ишлаётгани билан ўлчанади. Бизда эса бу мезон қайси олий ўқув юртида қанча академик фаолият юритаётганлиги билан белгиланади. Янги сайланган академикларимиз ҳам ўзлари фаолият юритаётган даргоҳ нуфузини юксалтиришларига ишонамиз.
Ҳақиқий устоз ҳеч кимдан, айниқса, ўз шогирдларидан ғояларини аямайди. Ватанни чин дилдан севган, халқ манфаатини ҳар нарсадан устун қўйган олимгина бугун давримизга муносиб фарзанд бўла олади.
Президентимиз янги сайланган академикларни тасдиқлаган ҳужжат қаторида яна бир Фармонга имзо чекдилар. Гап “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолари ҳамда собиқ Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги фанлари академиясининг ҳақиқий аъзолари ва мухбир аъзолари фаолиятини янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон ҳақида кетяпти. Олимларимизни рағбатлантириш ҳақидаги Фармон 2016 йил 30 декабрь куни қабул қилинган, бу воқеа жуда катта хурсандчиликка сабаб бўлган эди. Бу сафар давлатимиз раҳбари янада катта ғамхўрлик намунасини кўрсатди. Яна бир гап. Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги фанлари академияси бугунги кунда мавжуд эмас, яъни собиқ. Шундай бўлса-да, мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги тараққиётида илм-фаннинг аҳамияти назарда тутилиб, ушбу академияга бир неча йил олдин сайланган олимлар ҳам қўшимча рағбатлантириляпти. Ушбу эътибор академик илм-фан нуфузини янада ошириш, унинг кадрлар ва интеллектуал салоҳиятини мустаҳкамлаш, иқтидорли ёшларни илм-фан соҳасига кенг жалб қилиш, Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йилида инновацион жараёнларни жадаллаштириш борасида давлатимиз томонидан қабул қилинаётган чора-тадбирларнинг изчил равишда давом эттирилаётганидан далолат беради.
Академикларимиз зиммасига юклатилган вазифалар Президент Фармонида “Йўл хариталари” шаклида баён этилган. Уларнинг изчил ижроси Ватанимиз янада гуллаб-яшнашида, Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин олишига имкон яратиши шубҳасиздир.
Қадим тарихимизда эл-юрт назарига тушган пиру комиллар бўлган. Улар ҳаётнинг ҳар қандай мушкул саволларига минг-минг йиллар мобайнида тўпланган тажрибага таяниб ечим топишган. Эл-улус бундан ҳайратга тушган. Бизнинг академикларимиз ҳам бугунги куннинг пиру комилларидир. Улардан халқимиз ҳақиқий мўъжизавий ечимлар кутишлари муқаррар.
Манба: ЎзА