Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Молия органларига ишга қабул қилиш учун фаол ёшлар захирасини яратиш бўйича амалга оширилган ишлар тўғрисида маълумот
2018-01-11 | Иқтисодиёт
Муҳтарам Президентимиз Ш.М.Мирзиёев томонидан 2017 йил 22 декабрда Олий Мажлисга йўлланган илк тарихий Мурожаатномасида молия органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш бўйича бир қатор топшириқлар берилди.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, молия вазирлиги ва унинг қуйи тизимларида мавжуд бўлган вакант иш ўринларини тўлдиришда инновацион ғоя ва фикрга эга бўлган халқ манфаатларига садоқат билан хизмат қиладиган билимли, ташаббускор, ҳалол ва фидойи янги авлод кадрларини жалб қилиш, уларни масъул вазифаларга тавсия этиш ҳамда доимий янгиланадиган захирасини яратиш бўйича аниқ вазифалар белгиланди.
Ушбу топшириқнинг бажарилишини таъминлаш мақсадида Молия вазирлиги Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва республикамиздаги иқтисодиёт йўналиши бўйича ихтисослашган олий таълим муассасалари билан биргаликда молия органларига ишга қабул қилиш учун фаол ёшлар қаторидан номзодлар захирасини яратиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг веб-сайти ва ижтимоий тармоқларида берилган эълонлар асосида 3 100 нафардан зиёд молия органларида ишлаш ниятини билдирган ёшлар орасидан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан 490 нафари саралаб олиниб, Молия вазирлигига тавсия этилди.
Шу билан бирга, Молия вазирлиги Ёшлар етакчилар кенгашига 90 нафардан зиёд молия органларида ишлаш ниятини билдирган ёшларнинг ҳужжатлари келиб тушган.
Ҳозирги кунда молия вазирлиги тизимидаги вакант иш ўринларини замонавий билим ва кўникмалар, инновацион ғоя ва фикрга эга бўлган, Ватанни севадиган ёш кадрлар билан тўлдириш ишлари олиб борилмоқда.
Молия вазирлиги
Ёшлар етакчилар кенгаши раиси М.Султанов
Манба: Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги