Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Жорий йилги солиқ сиёсати: Янгилик ва ўзгаришлар нималардан иборат?

2018-01-11 | Иқтисодиёт

Давлат солиқ қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси солиқ ва бюджет сиёсатининг 2018 йилги асосий йўналишларидан келиб чиқиб, солиқ қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар мазмун-моҳиятини аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектларига етказиш мақсадида кўргазмали семинар ташкил этилди.

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенати аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар масъул ходимлари, Тошкент шаҳри ҳамда вилоятида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари, хорижий давлатларнинг юртимиздаги дипломатик корпус ва чет эл корхоналари вакиллари қатнашмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси барча соҳада туб ўзгаришларни амалга ошириш орқали халқимиз учун замон талабларига мос турмуш шароитини яратишга қаратилган. Жумладан, «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» деб эълон қилинган 2018 йилда ҳам солиқ сиёсатини ҳаётга татбиқ этишда кескин чора-тадбирлардан воз кечилиши, бизнес тоифалари учун солиққа тортишни соддалаштириш ва солиқ юкини камайтириш, шу асосда ишлаб чиқаришни ҳамда солиққа тортиладиган базани кенгайтириш зарурлиги таъкидланди.

Ўтган йилнинг 29 декабрьида Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикасининг 2018 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги қарори ҳамда “Солиқ ва бюджет сиёсатининг

2018 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун имзоланди. Мазкур Қонунга мувофиқ, бир нечта қонунлар, шу жумладан, Солиқ кодексининг 47 та моддасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Шу йилнинг 1 январидан бошлаб фойда солиғи ҳамда ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи бирлаштирилиб, солиқ ставкаси 15,5 фоиз ўрнига 14 фоиз қилиб белгиланди. Шунингдек, бюджетдан ташқари Пенсия, Республика йўл, Таълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармаларига мажбурий ажратмалар, ягона тўлов турига — давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмаларга бирлаштирилиб, умумий солиқ ставкаси 3,5 фоиздан 3,2 фоизга пасайтирилди.

Ягона солиқ тўлови бўйича асосий ставка эса ўтган йилдагидек сақланиб қолди ҳамда тайёрлов ташкилотлари фаолияти улгуржи савдога тенглаштирилиб, солиқ ставкаси товар айланмасидан 4 фоиз миқдорида белгиланди.

Жорий йилги солиқ сиёсатида фуқаролар учун ҳам бир қатор янгиликлар киритилди. Жисмоний шахсларнинг даромад солиғи бўйича учинчи ва тўртинчи шкаладаги ставкалари 0,5 фоизга пасайтирилиб, 16,5 ва 22,5 фоизни ташкил этмоқда. Фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенция ҳисобварақларига ўтказиладиган мажбурий бадал суммаси эса 1 фоиздан 2 фоизга оширилди. Мол-мулкка солинадиган солиқ унинг кадастр қийматидан ҳисобланадиган бўлди. Бунда солиқнинг асосий ставкаси 1,7 фоиздан 0,2 фоизга камайтирилиб, солиқ ҳисоблашда кадастр қиймати 42 миллион сўмдан оз бўлмаслиги белгиланди. Агар мол-мулкнинг кадастр қиймати бўлмаса, Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоятлар марказларида 210 миллион сўм, бошқа шаҳарлар ҳамда қишлоқларда эса 90 миллион сўм миқдорида ҳисобланиши белгиланди.

Бу каби ўзгаришлар тадбиркорлик субъектларига ҳам татбиқ этилмоқда. Якка тартибдаги тадбиркорлар учун қатъий белгиланган солиқ ставкалари ўртача 30 фоиз камайтирилгани, уларнинг фаолият кўрсатаётган жойига қараб табақалаштириш кенгайтирилгани шулар сирасидандир.

Масалан, 2017 йилда озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш учун қатъий белгиланган солиқ миқдори Тошкент шаҳри учун энг кам иш ҳақининг 10 баробари ва вилоятлар марказларида 6,5 баробари миқдорида белгиланган бўлса, 2018 йилда тегишлича 7 баробари ва 5 баробари миқдорида белгиланмоқда, яъни ўртача 30 фоизга камаймоқда.

Президентимизнинг 2017 йил 18 июлдаги «Солиқ маъмуриятчилигини тубдан такомиллаштириш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг йиғилувчанлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ҳамда ўтган йил 30 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг «Солиқ маъмуриятчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонуни билан булар янада мустаҳкамланди. Негаки, ушбу Қонун туфайли 3 та Қонун ҳамда 2 та Кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Жумладан, Солиқ кодексининг 16 та моддасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган бўлса, 7 та янги модда қўшилди. Жумладан, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Солиқ кодекси улар ва солиқ органлари ўртасида кенгайтирилган ахборот алмашинувини назарда тутувчи «Солиқ мониторинги» боби билан тўлдирилди. Бу, ўз навбатида, солиқ тўловчилар томонидан мажбуриятларни бажаришда йўл қўйилиши мумкин бўлган хато ва камчиликларнинг олдини олиш, солиқ маъмуриятчилиги билан боғлиқ мунозарали масалаларни тезда ҳал қилиш, пеня ва жарималар ёзилиши туфайли молиявий аҳволнинг ёмонлашувига олиб келувчи вазиятларни бартараф этишда қўл келади.

Шу билан бирга, Солиқ кодексининг 54, 55 ва 354-моддаларига вақтинчалик молиявий қийинчиликка дуч келган инсофли солиқ тўловчиларга солиқ таътилларини бериш тартибини белгиловчи ўзгартишлар киритилди. Яъни солиқ таътиллари охирги икки йил ичида солиқ мажбуриятларини ўз вақтида ва тўлиқ бажариб, айни вақтда вақтинчалик молиявий қийинчиликка дуч келган хўжалик юритувчи субъектларига тегишли қарор қабул қилинган кундан эътиборан йигирма тўрт ойгача бўлган муддатга солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашни кечиктириш ва (ёки) бўлиб-бўлиб тўлаш, солиқ мажбуриятларини бажариш муддатларини ўзгартириш кўринишида тақдим этилади.

Қонун билан солиқ тўловчи давлат солиқ инспекциясига мурожаат қилган санадан бошлаб 15 иш куни давомида ортиқча тўланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар суммаларини қайтариш тартиби белгилаб берилди.

Якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган ва муқаддам тадбиркорлик билан шуғулланиш натижасида юзага келган солиқ қарздорлигига эга бўлган жисмоний шахсларга эса банкротлик қўлланилади. Бу ўзгариш ва қўшимчалар Фуқаролик кодексининг 26-моддасида, Солиқ кодексининг 62-моддасида ҳамда «Банкротлик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 27 та моддасида ўз аксини топган.

Кўргазмали семинар республикамизнинг бошқа ҳудудларида ҳам ўтказилади.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси

Поделиться