Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
"Тилла" жўнатма
2018-01-11 | Жамият
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасидан маданий бойликларни олиб чиқиш ва олиб киришни тартибга солиш тўғрисида” 1999 йил 23 мартдаги 131-сонли қарори билан тасдиқланган Низомга кўра, нумизматика ашёлари, яъни тарихий тангалар ҳам маданий бойликларга тааллуқли ашёлар тоифасига киритилган. Ушбу ҳужжатга кўра, хорижий фуқаролар ва бошқа шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасига олиб кириладиган маданий бойликлар тегишли божхона ҳужжатларида кўрсатилиши керак.
Яқинда, мазкур тартибларга риоя қилмасдан туриб, тарихий аҳамиятга эга тангаларни почта жўнатмалари орқали республикамизга олиб киришга бўлган уринишлар фош қилинди.
Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг “Бош почтамт” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходимлари Исроил давлатидан Самарқанд шаҳрида истиқомат қилувчи М.Бозоров номига юборилган почта жўнатмасини белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказишганида, жўнатмадаги буюмлар орасида оғирлиги 58 гр.дан ортиқ бўлган 9 дона турли тарихий тилла тангалар борлиги аниқланди.
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг бадиий экспертлари хулосасига кўра, ўтган асрнинг бошларида Чор Россияси ва Буюк Британияда зарб қилинган тангаларнинг қалбаки нусхалари экан. Шунингдек, асиллик даражаси 750 ва 900 бўлган ушбу тилла тангаларнинг умумий қиймати салкам 16 млн. 700 минг сўмни ташкил қилар экан.
Шунингдек, мазкур пост ходимлари Россия Федерациясидан пойтахтимизда истиқомат қилувчи К.Тримасов номига юборилган почта жўнатмасида ҳам божхона декларациясида кўрсатилмаган 108 (бир юз саккиз) дона турли йилларга мансуб тангалар борлигини аниқлашди.
Эскпертлар томонидан турли давлатларда зарб қилинган ушбу тангаларнинг 10 таси ўтган асрнинг ўрталарида зарб қилингани ва шу сабабли тарихий аҳамиятга эга эканлиги юзасидан хулоса қилинган.
Юқоридаги ҳар икки ҳолат бўйича ашёвий далил сифатида олинган тангалар Миробод тумани маъмурий ишлар бўйича суди қарорига асосан давлат эгалигига ўтказилди.
Эслатиб ўтамиз, Халқаро почта конвенцияси талаблари ҳамда республикамизда почта алоқаси хизматларини кўрсатиш қоидаларига мувофиқ, қимматбаҳо металлардан ясалган буюмларни ва маданий бойликларни почта жўнатмалари орқали юборилиши тақиқланади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси