Паспорт – ҳар биримизнинг нафақат шахсимизни, балки шу юрт фуқароси эканимизни тасдиқловчи муҳим ҳужжатдир. Сир эмас, паспорт, айниқса прописка билан боғлиқ муаммолари бор кишилар орамизда кам эмас.
Шуларни инобатга олиб, мавжуд муаммолар ечимига “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури лойиҳасида алоҳида ўрин берилган.
Давлат дастури лойиҳасида фуқароларнинг хорижга чиқиш тартиб-таомилларини соддалаштиришга алоҳида эътибор қаратилган. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони лойиҳаси ишлаб чиқилади. Унда 2018 йил 1 июлдан миллий биометрик паспортни хорижга чиқиш паспорти сифатида эътироф этилишига оид меъёр ўрин олиши мумкин.
Ўзбекистон ҳудудида яшаш, ҳаракатланиш учун фуқаролик паспорти ўрнига шахсни тасдиқловчи ID – идентификация картаси жорий этилиши кутилмоқда.
Фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш мақсадида паспорт тизими қоидаларини соддалаштириш назарда тутилган. Жумладан, шу мақсадда жорий йилда мамлакатимизда тегишли қонун лойиҳалари ишлаб чиқилади. Уларда мавсумий ишларга жалб қилинганларни вақтинчалик рўйхатга олиш тизимини соддалаштириш, улар учун уй-жой ижараси, уй-жойдан текин фойдаланиш битимини тузиш талаби бекор қилиниши мумкин.
Фуқароларнинг ўз турар жойларида паспортсиз, пропискасиз ёхуд турар жойи бўйича ҳисобда турмаган шахслар яшаб туришига йўл қўйганлик учун жавобгарлик ҳам енгиллаштирилиши мумкин.
Фуқароларни доимий ва вақтинча рўйхатга қўйиш (ҳисобга олиш) тартибини соддалаштириш, уларнинг мамлакат ҳудудида эркин ҳаракатланиш ҳамда меҳнат қилиш ҳуқуқларини таъминлашга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқилади. Уларда вақтинча ёки доимий пропискасиз фуқароларни ишга қабул қилишни рад этиш билан боғлиқ амалиётга барҳам берилиши мумкин.
Меҳнат муносабатлари жараёнида паспорт тизими қоидаларига риоя этмаганлик учун иш берувчининг маъмурий жавобгарлигини бекор қилиш, вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмасдан яшаганлик, яшашга йўл қўйганлик учун маъмурий жазо чораларини енгиллаштириштирилиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Давлат дустури лойиҳаси айни пайтда 2018.strategy.uz сайтида жамоатчилик муҳокамасига қўйилган. Лойиҳа бўйича барча фуқаролар ўз фикр-мулоҳаза ва таклифларини 2018 йил 15 январгача билдириши мумкин.
Манба: ЎзА