Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ҳоким хусусий тиббиёт муассасалари ташкил этиш истагини билдирган тадбиркорлар билан суҳбатлашди
2018-01-10 | Жамият
Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов хусусий тиббиёт муассасалари ташкил этиш истагини билдирган тадбиркорлар билан мулоқот ўтказиб, улар тақдим этган янги лойиҳалар билан танишди.
Мулоқотда Президентимизнинг 2017 йил 29 декабрдаги “Хусусий тиббиёт ташкилотларини янада ривожлантириш бўйича қўшимча шарт-шароитларни яратиш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш борасидаги муҳим вазифалар, тақдим этилаётган янги лойиҳалар ва уларни амалга оширишдаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Тадбиркорлар томонидан тақдим этилган 112 лойиҳанинг 73 таси бўш турган давлат мулки объектларини мослаштириш ҳисобига, 19 таси хусусий иншоотларда, 10 таси ижара асосида фаолият юритиши кўзда тутилган, 12 янги лойиҳа бўйича эса қурилиш учун ер ажратилиши сўралган. Ушбу лойиҳалар доирасида иш бошлайдиган хусусий тиббиёт муассасаларнинг 73 таси амбулатор, 39 таси стационар тарзда фаолият юритади.
Мулоқотда хусусий тиббиёт муассасаларнинг фаолият турини танлаш, уларни замонавий тиббий диагностика ва даволаш ускуналари, малакали кадрлар билан таъминлаш билан боғлиқ масалалар бугунги кун талаби даражасида бўлиши зарурлиги алоҳида таъкидланди. Янги лойиҳаларни амалга оширишга тўсиқ бўлаётган муаммоларнинг аксарияти ҳал этилди, айрим масалаларни ҳал этиш бўйича вилоят ҳокими мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.
Мутахассислар маълумотига кўра, вилоятда янги ташкил этиладиган хусусий тиббиёт муассасаларида нейрожарроҳлик, онкология, нефрология, урология, абдоминал жарроҳлик, колопроктология, кардиология, гематология ва эндокринология каби йўналишларда тиббий хизмат кўрсатилади, 1 минг 100 янги иш ўрни яратилади.
Манба: ЎзА