Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Қашқадарёда 89 та фуқаролар йиғини Президент фармонидан кейин ўз балансидаги бинога эга бўлди
2018-01-09 | Жамият
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Қашқадарё вилояти кенгаши бошқарувининг 2017 йил фаолияти якунлари ва 2018 йилдаги устувор вазифалар ижросини таъминлашга бағишланган йиғилиши бўлиб ўтди.
Таҳлилий-танқидий руҳда ўтган йиғилишда тизимда амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилиниб, асосий эътибор Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталарига Мурожаатномасида маҳалла тизимига оид белгиланган устувор вазифалар ижросини сўзсиз таъминлаш масаласига қаратилди.
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят кенгаши ижро аппарати томонидан ўтган йил давомида давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 3 февралдаги “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ижроси доирасида муайян ишлар амалга оширилгани таъкидланди.
Хусусан, ўтган йили 28 фуқаролар йиғини компьютер техникаси ва 149 фуқаролар йиғини янги мебель жиҳозлари билан таъминланди, ҳудудларда 28 болалар спорт майдончаси қурилди. Вилоятдаги 499 фуқаролар йиғини ўз балансидаги бинога эга, шундан 89 таси Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонидан кейин ўз биносига эга бўлди. 25 маҳалла фуқаролар йиғини хизмат биносида капитал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
“Маҳалла” хайрия жамоат фонди томонидан 2 минг 958 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган, ногирон, якка-ёлғиз қария ва Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига 1 миллиард 489 миллион 476 минг сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Қашқадарё вилояти кенгаши ҳамда туман (шаҳар) кенгашлари томонидан ўтган давр мобайнида жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш, маҳаллаларда нотинч ва кам таъминланган оилалар билан ишлаш, бундай оилаларда тадбиркорлик ва томорқа маданиятини шакллантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш чораларини кўриш, уларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш юзасидан муайян ишлар амалга оширилди.
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят, туман, шаҳар кенгашлари ва фуқаролар йиғинлари билан ҳамкорликда 2017 йил давомида жами 60 минг 150 дан ортиқ маънавий-маърифий тадбир ўтказилди. Фуқаролар йиғинлари ходимлари томонидан “Оила – маҳалла – таълим муассасаси” ҳамкорлиги доирасида 6 минг 350 тадбир ўтказилди. Натижада сабабсиз дарсга келмаган 98 нафар мактаб ва 815 нафар коллеж ва академик лицей ўқувчиси ва уларнинг ота-оналари билан суҳбатлар ўтказилиб, Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги қонуни мазмун-моҳияти тушунтирилди.
Маҳаллаларда, мактаб ва коллежларда ички ишлар, прокуратура, халқ таълими, ёшлар иттифоқи ва маҳалла фуқаролар йиғинлари билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикасининг “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги қонуни ижросига қаратилган 5 минг 830 дан ортиқ давра суҳбати ўтказилди.
Маҳаллаларда “Маҳалла китобсеварлари” ҳафталиги ташкил этилиб, барча шаҳар ва туманларда “Китоб ярмаркаси” ташкил этилди. Тадбирларда маҳаллалардаги истеъдодли ижодкорларнинг асарлари, масалан, Собир Примовнинг “Умр сўқмоқлари” эсселар тўплами, шоир Абдунаби Бобоёровнинг “Соғинч соҳили”, Бозор Болтабобонинг “Отам туйган ғурур”, шоира Зуҳра Очилованинг “Гулшамол” китоблари тақдимотлари ҳам ўтказилди.
Маҳалла болалари ўртасида “Маҳалламиз паҳлавонлари”, “Маҳалламиз бадминтончилари”, “Футболимиз келажаги”, “Биз эпчил ва чаққонмиз”, “Маҳалламиз стол теннисчилари” шиорлари остида спорт мусобақалар ташкил этилиб, уларга 152 мингга яқин ёш қамраб олинди.
Йиғилишда айрим туман, шаҳар кенгашлари ижро интизоми, ҳужжатлар ижроси устидан мониторингни амалга ошириш, фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиш, йиғинларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасида хато ва камчиликларга йўл қўйгани танқид қилинди. Уларни бартараф этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди.
Бошқарув йиғилиши кун тартибидаги бошқа масалалар юзасидан туман кенгашлари бошқаруви раисларининг ҳисоботи тингланди.
Ўлмас Баротов, ЎзА
Манба: ЎзА