Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Орол денгизининг қуришидан атмосферага кўтарилаётган чанг-тўзонларни тўхтатиш йўли топилди

2018-01-09 | Экология

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети Экология ва тупроқшунослик кафедраси докторанти Маҳмуд Алламуратов ва яна бир неча олим томонидан саноат чиқиндилари асосида Орол денгизи ҳудудидаги қум ва тупроқни қотирувчи полимер реагентлар ишлаб чиқиш бўйича олиб борилган илмий ишлар ижобий самара берди.

Орол денгизининг қуриши, айниқса, минтақа халқларининг энг долзарб муаммоси бўлиб қолмоқда. Маълумотларга қараганда, денгиз қуриши ва шўрланишнинг тезлашуви оқибатида сўнгги йилларда 50 минг гектарга яқин экин майдони қишлоқ хўжалигида фойдаланишга яроқсиз бўлиб қолди. Бу муаммони чигаллаштирадиган ҳолат шундан иборатки, қуриган денгиз ўрнида 5,5 миллион гектардан ортиқ майдонни эгаллаган "Ёш Оролқум" саҳроси пайдо бўлди.

Оролқум хавфли кимёвий реагентлар, майда туз ва тупроқ заррачалари билан қопланди. Заҳарли кимёвий унсурлар, туз ва тупроқ заррачаларидан иборат чанг ва туз ҳавога кўтарилиб, шамол билан бутун дунёга тарқалмоқда. Шу сабабли, қум ва тупроқни қотирувчи, ўсимликларнинг ўсишига зарар етказмайдиган махсус реагентлар ишлаб чиқиш замонавий экология, атроф-муҳит муҳофазаси, кимё ва биология фанларининг долзарб масаласи ҳисобланади. 

Кўпгина давлатларда қумни қотириш, тупроқ унумдорлигини ошириш мақсадида турли органик кимёвий қўшимчалардан, қоғоз ва целлюлоза саноати чиқиндилари, гидролизланган полиакрилонитрил, лигносульфонат каби бирикмалардан фойдаланилади. Лекин, қўлланилаётган кимёвий реагентлар қиммат, олиш жараёни мураккаб, заҳарли, шунингдек, Орол денгизи минтақасининг иқлим шароитига чидамсиздир. 

Мустақиллик йилларида Орол денгизи муаммосига алоҳида эътибор берилиб, қумни қотирувчи, тупроқнинг тузилмасини яхшилаб, унинг унумдорлигини оширувчи кимёвий бирикмалар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Бу йўналишидаги илмий изланишлар юқори даражада ташкил этилиб, кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилди ва муайян натижаларга эришилди. Хусусан, маҳаллий хомашё асосида синтез қилинган, таркибида азот, фосфор ва бошқа микроэлементларни сақлаган кимёвий барқарор, механик мустаҳкам структура ҳосил қилувчи полимер реагентлар тадқиқотига қаратилган илмий ишлар амалга оширилаётир. 

Бироқ, бугунги кунда арзон, экологик хавфсиз, маҳаллий хомашё ва саноат чиқиндилари асосида Орол денгизи минтақасининг оғир иқлим шароитига чидамли қум ва тупроқни қотирувчи кимёвий реагентлар ишлаб чиқиш жуда долзарб муаммодир. Қорқалпоғистонлик олимлар бунинг уддасидан чиқди.

– Тадқиқотнинг мақсади маҳаллий хомашё ва саноат чиқиндилари асосида қум ва тупроқни қотирувчи полимер реагентлари ишлаб чиқиш, тупроқнинг шамол ва сув эррозиясига чидамлилигини, ҳосилдорлигини оширишга қаратилган, – дейди М.Алламуратов. – Илмий тадқиқотнинг илмий янгилиги шундаки, илк марта полимер қотирувчи реагентларни "Максам-Аммофос" чиқиндиси, галоидга ўхшаган мономерлар, ГИПАН, лигнофосфонат асосида олиш технологияси ишлаб чиқилди. Бунда эпихлоргидрин, дихлоргидринглицерин, полиоллар ва лигносульфонат асосида олинган қотирувчи реагентлар таркиби, тузилиши ва физик-кимёвий хоссалари ўрганилди. Эпихлоргидрин, дихлоргидринглицерин, полиоллар ва лигносульфонат асосида олинган қотирувчи реагентларнинг тупроқ ва цемент композицииялари физик-механик хоссаларига таъсири ҳам аниқланди. Синтез қилинган полимер қотирувчи реагентлар билан ишлов берилган қум ва тупроқнинг физик-кимёвий хоссалари тадқиқ қилинди. 

Тадқиқот давомида маҳаллий хомашё ва саноат чиқиндилари асосида ишлаб чиқилган қотирувчи реагентлар ишлаб чиқиш ва қўллаш технологияси Орол денгизи минтақасидаги бир қанча агрофирма ва ўрмон хўжалиги объектларида жорий этилди. 

Ишлаб чиқарилган полимер қотирувчи реагентлар Орол денгизи минтақасида учар қум ва шўрланган тупроқ зонасида қўлланганда тупроқнинг ҳосилдорлиги ошиб, заҳарли қум-туз бўҳрони кўтарилиши камайишига эришилган. 

Ҳозирги кунда синтез қилинган полимерларни ишлаб чиқариш ва амалиётда қўллаш бўйича технологик регламентлар ишлаб чиқилди, уларни кенг саноат миқёсида амалиётда қўллаш учун Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитасига, Қорақалпоғистон Республикаси ўрмон хўжалигига, шунингдек, бир қанча агрофирмаларга тавсия этилди. 

Яхши ниятлар билан бошланган мазкур иш Орол денгизи минтақасидаги экологик, ижтимоий, технологик ва иқтисодий муаммоларни ҳал этишга хизмат қилади. 
 

А.Жиемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги мухбири.

Манба: ЎзА

Поделиться