Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
2018-01-09 | Сиёсат
Муҳтарам Шавкат Миромонович!
Азиз қардошим!
Туркманистон халқи ва ҳукумати номидан ҳамда шахсан ўз номимдан Туркманистон ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллиги муносабати билан Сиз ва бутун қардош Ўзбекистон халқини самимий табриклаш ва эзгу тилакларимни йўллаш мен учун улкан шараф.
Дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан буён ўтган 25 йилда қардошлик алоқаларимиз фаол ривожланди ва изчил мустаҳкамланиб бормоқда. Давлатлараро муносабатларнинг бугунги юксак даражасини қайд этар эканман, Туркманистон ва Ўзбекистон ўртасидаги яхши қўшничилик, дўстлик ва ўзаро англашув тамойилларига асосланган ҳамкорлик янада жадал ва изчил, ўзаро ишонч, тенг ҳуқуқлилик, очиқлик руҳида ривожланаётганини алоҳида таъкидламоқчиман.
Икки томонлама алоқаларни ривожлантирар эканмиз, биз туркман ва ўзбек халқлари ўртасида шаклланган азалий қардошлик ва ўзаро ҳурмат анъаналарига, маънавий ва тарихий қадриятлар муштараклигига, давлатларимизнинг халқаро муносабатларда тинчликсеварлик ва инсонпарварлик тамойилларига содиқлигига таянамиз. Бугунги кунда мамлакатларимиз нафақат икки томонлама, балки халқаро тузилмалар доирасида ҳам муваффақиятли ҳамкорлик қилмоқда. Глобал ва минтақавий миқёсдаги нуфузли ташкилотлар доирасида мамлакатларимиз томонидан илгари сурилаётган халқаро ташаббус ва таклифлар ўзаро қўллаб-қувватланаётгани шундан далолат беради.
Туркманистон ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар изчил ривожланмоқда. Маданият, илм-фан соҳаларидаги ҳамкорлик тобора кенгаймоқда ва мустаҳкамланмоқда. Савдо-иқтисодий, илмий-техник ва маданий ҳамкорлик бўйича Туркманистон – Ўзбекистон қўшма комиссиясининг фаолияти бунда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Туркманистон мамлакатларимиз ўртасидаги вақт синовидан ўтган сиёсий, иқтисодий, маънавий-маданий алоқаларни бундан буён ҳам мустаҳкамлашга тайёр. Ишонаманки, Туркманистон ва Ўзбекистон муносабатлари келажакда ҳам қардош халқларимиз фаровонлиги йўлида муттасил ривожланиб бораверади.
Азиз қардошим, мактубим якунида Сизнинг Туркманистон – Ўзбекистон ҳамкорлигига шахсан қаратаётган алоҳида эътиборингиз учун миннатдорлик билдиришга, Сизга мустаҳкам соғлиқ, давлат раҳбари сифатида қардош Ўзбекистон Республикаси тараққиёти ва унинг халқи фаровонлиги йўлидаги масъулиятли фаолиятингизга янги зафарлар тилашга ижозат бергайсиз.
Манба: ЎзА