Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашлари сайловининг якуний натижалари эълон қилинди
Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашлари сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнини ёритиш бўйича ягона матбуот марказида сайловнинг якуний натижаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Тошкент шаҳар сайлов комиссияси раиси Х.Каримов ташкил этилган барча 330 сайлов округидан депутатлар тўлиқ сайланганини маълум қилди.
Сайловда Тошкент шаҳрида рўйхатга олинган 1 миллион 560 мингдан зиёд сайловчиларнинг 1 миллион 267 мингдан ортиқроғи иштирок этди. Бу сайловчилар умумий сонининг 81,2 фоизини ташкил этади.
Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан 137, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан 54, Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан 49, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан 37, шунингдек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан 53 нафар фуқаро депутат этиб сайланди.
Сайланган 330 депутатнинг 254 нафарини эркаклар, 76 нафарини аёллар ташкил этади. 20 нафар депутат 30 ёшгача бўлган ёшлардир.
Депутатларнинг 87 нафари иқтисодчи, 34 нафари ҳуқуқшунос, 61 нафари педагог, 43 нафари шифокор, 55 нафари муҳандис ва 50 нафари бошқа касб эгаларидир.
Эслатиб ўтамиз, 2017 йил 24 декабрь куни Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига сайлов бўлиб ўтди. Сайланган депутатлар ўз ваколатларини 2019 йил мамлакатимизда ўтказиладиган маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларига навбатдаги сайловгача амалга оширади.
Манба: ЎзА