Ўзбекистон Бош прокурори Ихтиёр Абдуллаев: “Аҳолига ҳаққоний ахборот ўз вақтида етказилади”
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Ахборот-таҳлил мультимедиа маркази очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ихтиёр Абдуллаев нутқ сўзлади.
Бош прокурор ўз сўзида мамлакатимиздаги шиддатли ислоҳотларнинг нафақат гувоҳи, балки иштирокчиси ҳаммиз, деб алоҳида қайд этди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қабул қилинган Ҳаракатлар стратегияси бу борада мустаҳкам замин бўлмоқда.
Шу асосда ҳозирги кунгача 30 дан ортиқ қонун ва юзлаб қонуности ҳужжатлари қабул қилинган. Уларнинг барчасида халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак, деган тамойил асосий ўрин тутган.
Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасида эътибор кучайгани жамиятимиз муҳити соғломлашишига хизмат қилмоқда.
Аҳолини содир бўлаётган воқеалар ҳақидаги ахборотлар билан таъминлаш бугунги кунда долзарб бўлиб, бу ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга хизмат қилади. Бу жараёнда баъзан нохолис ахборотлар учраётгани сир эмас.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 14 ноябрдаги “Прокуратура органлари ахборот-таҳлил фаолияти самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори аҳолига тўлиқ ва ҳаққоний ахборот билан таъминлашга қаратилган муҳим ҳужжат бўлди.
Қарорга мувофиқ Бош прокуратура ҳузурида ташкил этилган Ахборот-таҳлил мультимедиа маркази бу борада муҳим ўрин тутиб, инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида изчил фаолият юритади.
Манба: ЎзА