Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Самарқандликлар истиқболда бажарилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб берилган ҳужжатни кенг тарғиб қилмоқда
2018-01-08 | Жамият
Самарқанд вилояти шаҳар ва қишлоқларида давлатимиз раҳбарининг Мурожаатномасини ўрганиш ва унинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчилик орасида тарғиб этишга бағишланган тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда.
Тошкент ва Самарқанд шаҳарларидаги олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, нуронийлар, маънавият тарғиботчилари ва фаоллардан иборат тарғибот гуруҳлари маҳаллаларда аҳоли билан самимий мулоқот ўтказиб, Мурожаатномада белгиланган вазифаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши давлатимиз тараққиётини жадаллаштириш ва халқимиз фаровонлигини янада оширишга хизмат қилишини таъкидламоқда.
– Президентимиз Мурожаатномаси 2017 йилда мамлакатимизда барча соҳаларда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар натижалари сарҳисоби бўлиш билан бирга, 2018 ва ундан кейинги йилларда бажарилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб берилган дастурий ҳужжат бўлди, – дейди Тошкент давлат иқтисодиёт университети профессори А.Мухторов. – Мурожаатнома асосида барча соҳалар бўйича "Йўл харитаси" ишлаб чиқилди. Уларнинг ўз вақтида ҳаётга татбиқ этилиши, шубҳасиз, аҳоли турмуш тарзини юксалтириб, давлатимиз тараққиётини янги босқичга олиб чиқади. Жойлардаги учрашувларда буни халқимиз ҳам таъкидламоқда ва уларнинг бугунги мақсад ва интилишлари ушбу дастурларни амалга оширишга ҳисса қўшишга қаратилган.
Тарғибот тадбирларида маҳалла фаоллари, тадбиркорлар, тиббиёт ходимлари, ўқитувчилар, нуронийлар ва ёшлар сўзга чиқиб, мамлакатимизда олиб борилаётган изчил ислоҳотлар самараси ўз ҳаётларида ҳам ифодасини топаётганини айтмоқда.
– Мурожаатномада баён этилган ташаббус ва ғояларнинг амалга оширилиши, аввало, халқимиз манфаатларига хизмат қилади, – дейди Нуробод туманидаги 6-умумтаълим мактаби директори Ф.Худойқулов. – Давлат хизматлари кўрсатиш тизимининг такомиллаштирилиши бўладими, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар ёки шаҳар ва қишлоқларимизда арзон уй-жойлар қурилиши ёхуд тиббиёт соҳасидаги ўзгаришлар бўладими – барчаси инсон манфаатига қаратилган. Оддий мисол, шу пайтгача туманимиздан Самарқанд шаҳригача бўлган салкам 100 километр масофани босиб ўтишда вилоят ичи бўлса-да, иккита йўл-патруль постидан ўтишга тўғри келарди. Президентимиз Мурожаатномада ушбу масалага ҳам эътибор қаратгач, мана, қисқа вақтда бунга барҳам берилди. Ҳаётимизни эркинлаштириш ва фаровонликка хизмат қилувчи бундай мисоллар жуда кўп.
Каттақўрғон шаҳри, Булунғур, Жомбой, Оқдарё, Иштихон, Қўшработ туманларидаги учрашувларда ҳам Мурожаатномада белгилаб берилган ҳар бир устувор йўналиш бўйича олимлар, соҳа мутахассисларининг фикрлари эшитилиб, аҳоли билан самимий суҳбат қурилди.
Ғолиб Ҳасанов, ЎзА
Манба: ЎзА