Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Соғлом танда соғ ақл
2018-01-08 | Спорт
Бугунги кунда божхона органлари зиммасига юклатилган вазифаларни аъло даражада бажариш, давлатимиз иқтисодий хавфсизлигини таъминлашда ходимларнинг руҳан ва жисмонан чиниққанлиги муҳим аҳамият касб этади. Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб, Давлат божхона қўмитаси Сурхондарё вилояти бошқармаси ходимларининг хизмат ва жанговар тайёргарлиги, хизмат ўқ отар қуролидан фойдаланиш ва қўллаш бўйича малака ва кўникмаларини ошириш мақсадида барча шарт-шароитлар яратилган.
Бошқармада замонавий электрон лазерли ўқ отиш хонаси ва мазкур хонада махсус ўқув синфи ташкил этилиб, зарурий кўргазмали ўқув материаллари билан таъминланган. Бошқарма шахсий таркибининг хизмат ўқ отар қуролидан фойдаланиш бўйича назарий ва амалий кўникмаларини мустаҳкамлаш бўйича алоҳида машғулотлар графиги ишлаб чиқилиб, масъул ходимлар томонидан доимий равишда ўқув машғулотлари ўтказиб борилиши йўлга қўйилган.
Шунингдек, ходимларнинг жисмоний тайёргарлик даражасини ошириш мақсадида, тасдиқланган график асосида доимий равишда, ҳафтада икки маротаба машғулотлар ўтказилиб, спортнинг барча турлари билан шуғулланиш учун шароитлар яратилган. Жумладан, бошқарма спорт залида ташкил этилган тренажёр комплекси бугунги кунга келиб замонавий спорт анжомлари билан жиҳозланган бўлиб, ушбу шароитлар бошқарма ходимларининг соғлом турмуш тарзини яратиш, республика ва вилоят миқёсида ўтказиладиган спорт мусобақаларида бошқарма шаънини муносиб ҳимоя қилишлари учун замин бўлиб хизмат қилмоқда.
Масалан, ўтган давр мобайнида Давлат божхона қўмитаси ҳудудий бошқармалари ҳамда вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари жамоалари ўртасида спортнинг футбол, волейбол, миллий кураш, стол тенниси, енгил атлетика ва сузиш турлари бўйича ўтказилган мусобақаларда бошқарма ходимлари муносиб иштирок этишиб, умумжамоа ҳисобида фахрли ўринларни эгаллашди.
Қурбон Тошбоев
Сурхондарё вилояти божхона
бошқармаси ходими
Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси