Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Туркиянинг «Анадолу» ахборот агентлиги: «Биз Президент Шавкат Мирзиёевнинг ислоҳотлари ҳақида кўпроқ ахборотлар билишни хоҳлаймиз”
2018-01-06 | Жамият
Халқаро Пресс-клуб Туркиянинг энг нуфузли ахборот агентлиги – «Анадолу» билан ҳамкорликни муҳокама қилди. Шу кунларда Халқаро Пресс-клуб раиси Шерзодхон Қудратхўжаев Анқара шаҳрида ушбу агентлик билан учрашувлар ўтказмоқда. Музокаралардан асосий мақсад – Ўзбекистонда амалга оширилаётган янги босқичдаги тарихий ислоҳотларни янада кенгроқ ёритиш, халқаро миқёсдаги оммавий ахборот воситалари ва Халқаро Пресс-клуб ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтиришдан иборат.
«Анадолу» – Туркиядаги биринчи ва энг йирик ва кенг аудиторияга эга ахборот агентлигидир. 1920 йилда Президент Камол Отатурк ташаббуси билан очилган агентлик Анқара шаҳрида жойлашган бўлиб, унинг бутун дунёда 36 та мухбирлик пунктлари фаолият юритмоқда. Агентликнинг янгиликлари 11 тилда – турк, инглиз, француз, араб, рус, албан, босния, курд, македон ҳамда форс тилларида чоп этилади. Анадолу агентлиги Франциянинг энг йирик ахборот агентлиги – Agence France-Presse, дунёдаги энг катта фотобанк – Getty Images каби ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади. Агентлик шиори – «Ишончли, холис ва тезкор журналистика».
Учрашув давомида Анадолу агентлиги вакиллари Ўзбекистонда кўплаб ўзгаришлар бўлаётганидан хабардор эканликлари, Президент Шавкат Мирзиёевнинг фаолияти, ташаббуслари Ўзбекистонда жуда кўп янгиликлар оқимини юзага келтираётганини таъкидладилар. Ўзбекистондаги ислоҳотлар дунё ҳамжамиятнинг қизиқишини орттираётган бир пайтда турк оммавий ахборот воситалари нафақат давлат, балки нодавлат медиа-манбалар орқали ҳам Ўзбекистондаги янгиликлар ҳақида янада кўпроқ маълумот олиш истаги борлиги қайд этилди. Чунки шаффоф ва очиқ ахборотга эга мамлакатга инвестиция оқими кўпаяди. Демак, ахборот оламида янада кенгроқ ҳамкорлик қилиш туркиялик инвесторларни Ўзбекистонга бўлган қизиқишини орттиради.
Шунингдек, Ўзбекистон Президентининг Парламентга Мурожаатида қайд этилган Журналистика ва оммавий коммуникация воситалари университетининг ташкил этилиши ҳақидаги хабар жуда ижобий қабул қилингани ва керак бўлса, бу борада Туркиядаги журналистика университети билан ҳамкорлик ўрнатиш ва тажриба алмашиш, малака оширишга ўзбекистонлик талабаларни таклиф қилиш фикрини билдирдилар.
“Ўзбекистонда медиа-турларда иштирок этиш, Президент Шавкат Мирзиёев олиб бораётган Ҳаракатлар стратегияси ва амалга оширилаётган ислоҳотларни ёритиш ва албатта Бухоро, Самарқанд, Тошкент каби кўҳна шаҳарларни кўриш биз учун катта шараф,” деди агентликнинг Тиллар бўйича бош муҳаррири Меҳмет Ўзтурк.
Манба: ЎзА