Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Мукофотлар тантанали топширилмоқда

2015-04-17 | Жамият

Президентимизнинг 2015 йил 19 февралдаги "Ўзбекистон Республикаси фуқаролари – 1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини "Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 70 йиллиги" эсдалик юбилей медали билан мукофотлаш тўғрисида"ги ҳамда шу йил 6 мартдаги "1941-1945 йиллардаги уруш қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида"ги фармонларига кўра Самарқанд вилоятидаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларига ушбу мукофотлар тантанали равишда топширилмоқда.

Вилоят ҳокимлиги томонидан 1 минг 74 нафар 1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларига Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан "Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 70 йиллиги" эсдалик юбилей медали ҳамда 280 нафар уруш қатнашчиси ва ногиронларига бир марталик пул мукофотларини тантанали топшириш бошланди.

Вилоят ҳокими, туман ва шаҳар ҳокимлари, вилоят мудофаа ишлари бошқармаси, "Нуроний" жамғармаси раҳбарлари фахрийлар хонадонига бориб, юбилей медали ва пул мукофоти, эсдалик совғаларини топширмоқда. Уларни Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 70 йиллиги билан табрикламоқда.

– Ҳар тонг тинч-хотиржам, мусаффо осмон остида, Президентимиз, халқимизнинг ардоғида ҳаёт кечираётганимга шукрона айтаман, – дейди Самарқанд шаҳар Мотрид маҳалласида яшовчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, 96 ёшли Муҳсин Ҳусанов. – Фарзандларим, яқинларим қаторида маҳалла-кўй, ҳокимлик вакиллари ҳар куни ҳолимни сўраб туради. Меҳр ва эътибор кўрсатади. Бугун хонадонимизга вилоят ҳокимлигидан бир гуруҳ вакиллар келиб Юртбошимиз номидан юбилей медали ва пул мукофотларини топширганларида кўзларим севинч ёшларига тўлди. Улар билан суҳбатлашиб, руҳим тетиклашди, куч-ғайратим ошди. Илоҳим, бизни қадрлаган, улуғлаган инсонларнинг ўзлари ҳам шу ёшларга кириб, доимо элимиз ардоғида бўлсин, юртимиздаги тинчлик-осойишталикка кўз тегмасин.

Жомбой тумани Жомбой маҳалласида яшовчи уруш қатнашчиси Бурхон Солмонов юбилей медали ва пул мукофотини қабул қилиб олар экан, ўз миннатдорлигини изҳор этди.

– Биз турли замонларни, тузумларни кўрдик, – дейди Бурхон бобо. – Бугунгидай инсон қадр-қимматининг эътирофига гувоҳ бўлган эмасмиз. Президентимиз бу йилни Кексаларни эъзозлаш йили, деб номлашининг ўзи биз, фахрийлар учун энг олий мукофот бўлди. Яқинда Қарши шаҳрида муддатли ҳарбий хизматга қабул қилинган набирам Аъзамхоннинг қасамёд қабул қилиш маросимида иштирок этдим. Йўл-йўлакай амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишларига қараб тўлқинланиб кетдим. Аскарлар учун яратилган шароитни кўриб ўзим хизмат қилган даврлар кўз олдимдан ўтди... У кунларни ҳеч ким кўрмасин. Илоҳим, хотиржам, озод ва обод юртимиз абадий бўлсин!

"Нуроний" жамғармаси вилоят бўлимидан олинган маълумотларга кўра, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фронти фахрийларига касаба уюшмалари, давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳам эсдалик совғалари, сиҳатгоҳларга йўлланма, ногиронлар аравачаси, эшитиш мосламаси ва бошқа протез-ортопедия воситалари берилмоқда.

Манба: ЎзА

Поделиться