Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Молия вазирлигига 490 йигит-қизни тавсия қилди
2018-01-06 | Иқтисодиёт
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 2017 йил 22 декабрда Олий Мажлисга Мурожаатномасида молия органлари фаолиятини янада такомиллаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратиб, соҳани нопок кадрлардан тозалаш зарурлигини таъкидлади.
Шу кунларда Молия вазирлигида бу борада қатор амалий саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Жумладан, вазирлик ва унинг қуйи бўғинларидаги вакант иш ўринларига юксак маънавиятли, янгича фикрлайдиган, билимли, ташаббускор, ҳалол ва фидойи ёшларни жалб қилиш, янги авлод кадрлари захирасини яратиш борасида аниқ вазифалар белгиланди.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи мамлакатимиздаги иқтисодиёт йўналишига ихтисослашган олий таълим муассасасалари билан биргаликда молия органларига ишга қабул қилиш учун фаол ёшлар ва талабалардан номзодлар захирасини яратиш борасида ишларни бошлаб юборди. Ёшлар иттифоқининг веб-сайти ва ижтимоий тармоқларда берилган эълонлар асосида молия органларида ишлаш истагини билдирган 3 минг 100 дан зиёд йигит-қиз орасидан 490 нафари сараланиб, Молия вазирлигига тавсия этилди. Шунингдек, вазирликнинг Ёшлар етакчилари кенгашига ҳам соҳада ишлашни мақсад қилган 90 дан ортиқ ёшнинг ҳужжатлари келиб тушган.
Айни кунларда Молия вазирлиги тизимидаги мавжуд бўш иш ўринларини замонавий кўникмалар, инновацион ғояларга эга бўлган, Ватанни севадиган, халқпарвар кадрлар, фидойи ёш мутахассислар билан тўлдириш ишлари амалга оширилмоқда.
Вазирлик мутасаддилари Президентимизнинг Мурожаатномасида билдирилган танқидий фикрлар асосида ўз фаолиятларини таҳлил қилиб, қайтадан кўриб чиқмоқда.
Абдужалол Тайпатов, ЎзА
Манба: ЎзА