Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Фахрийлар шарафланди
2015-04-17 | Жамият
Наманган шаҳрида "Фахрийларни шарафлаймиз" шиори остида Иккинчи жаҳон уруши фахрийларини шарафлашга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.
Вилоят ҳокимлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари, ёшлар, уруш ва меҳнат фронти фахрийларининг қариндошлари иштирок этган тадбирда фашизм устидан қозонилган ғалабага халқимиз қўшган улкан ҳисса, бу борада ота-оболаримиз кўрсатган фидойилик, матонат ва жасорат намуналари ҳақида сўз юритилди.
Президентимизнинг 2015 йил 19 февралдаги "Ўзбекистон Республикаси фуқаролари – 1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини "Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 70 йиллиги" эсдалик юбилей медали билан мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига мувофиқ, уруш қатнашчиларига "Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 70 йиллиги" эсдалик юбилей медали топширилди.
– Биз, қариялар нафақат Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан, балки ҳамиша давлатимиз раҳбари ва ҳукуматимизнинг чексиз ғамхўрлигидан баҳраманд бўлиб яшамоқдамиз, – дейди уруш фахрийси Сергей Куликов. – Кексаларни эъзозлаш йилида бу эътибор янада кучайди. Ўзбекистондек жаннатмонанд диёрда туғилиб, бағри кенг ва меҳри дарё инсонлар орасида яшаётганимдан фахрланаман. Юртимизда тинчлик-осойишталик доимо барқарор бўлсин, халқимиз фаровонлиги янада юксалаверсин.
Наманган санъат коллежи ўқувчилари ижросидаги куй-қўшиқлар, саҳна кўринишлари тадбирга янада кўтаринкилик бағишлади.
Тадбирда Наманган вилояти ҳокими Б.Юсупов сўзга чиқди.
Манба: ЎзА