Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Қарши шаҳри кўчалари бўйлаб зирҳли ҳарбий техникалар тантанали марш билан ҳаракатланди
2018-01-05 | Жамият
Қаршида “Миллий армиямиз – ёшларнинг мардлик, матонат ва жасорат мактабидир” шиори остида Қуролли Кучларимиз ташкил этилганининг 26 йиллиги ва 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округи қўшинлари қўмондонлиги ҳамда Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан ҳарбий техникалар намойиши ташкил этилди.
Шаҳар кўчалари бўйлаб зирҳли ҳарбий техникалар тантанали марш билан ҳаракатланди.
– Энг сўнгги русумдаги компъютерлаштирилган ҳарбий техникаларни ўзбек ўғлонлари маҳорат билан бошқариб бораётганини кўриш қалбимда ифтихор туйғусини янада юксалтирди, – дейди қаршилик меҳнат фахрийси Бўри бобо Норқобилов. – Президентимизнинг ҳам мақсади интеллектуал салоҳиятли, замонавий билимларни пухта эгаллаган ҳарбийларга эга миллий армиямизни шакллантиришдир. Бундай ёшлар бизнинг умидимиз, келажагимиз. Улар халқимиз осойишталиги, осмонимиз мусаффолиги ва давлатимиз сарҳадлари дахлсизлигини таъминлашга қодир.
Ҳарбий техникалар намойишида иштирок этган 1000 дан зиёд ўқувчи-ёшлар ҳарбий техникалар, ўқотар қурол-аслаҳалар билан яқиндан танишди, мутахассислардан улар тўғрисида маълумотлар олди.
Манба: ЎзА