Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
14 ҳудуддан икки юз нафар халқ таълими мудири малака оширди
2018-01-05 | Таълим
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан Абдулла Авлоний номидаги халқ таълими тизими раҳбар ва мутахассис ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида туман(шаҳар) халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимлари мудирлари учун семинар-тренинг ташкил этилди.
Уч кунлик семинарда 14 ҳудуддан икки юз нафар туман (шаҳар) халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимлари мудири иштирок этди. Тадбирда ахборот-коммуникация технологиялари, инновацион педагогик технологиялар, ўғил-қизларни касбга ихтисослаштириш, ўқув-ишлаб чиқариш мажмуалари яратишга оид тарғибот-тушунтириш машғулотлари олиб борилди.
Умумтаълим мактабларида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамкорлигида фаолият юритиши режалаштирилаётган «Муваффақият мактаби» тренинг-машғулотлари, «Заковат» интеллектуал ўйини, «Мунозара» клуби, «Қизларжон» баркамол қизлар клубларини ташкил этиш юзасидан маълумотлар берилди.
Эришилаётган натижалар таҳлил этилиб, истиқболдаги ишлар режалаштирилди. Муваффақиятларга эришаётган мутахассисларнинг тажрибаси оммалаштирилди.
Манба: ЎзА