Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ҳамкорликнинг муҳим босқичи
2018-01-04 | Сиёсат
Ҳозирги кунда ИИВ Академиясида кадрлар тайёрлаш, уларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан бири сифатида етакчи хорижий таълим муассасалари билан бу борада тажриба алмашиш, ҳамкорликда таълим дастурлари ишлаб чиқиб, амалиётга жорий этиш, профессор-ўқитувчилар таркибини малакасини ошириш ва стажировка ўташини ташкил қилиш орқали халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мазкур устувор вазифаларнинг ижроси юзасидан 2017 йилнинг 26‒29 декабрь кунлари ИИВ Академияси делегацияси аъзолари Хитой Халқ Республикасида бўлиб, уларнинг Хитой Жамоат хавфсизлиги вазирлигига қарашли олий таълим муассасаларига ташрифлари ташкил этилди. Ташрифдан кўзланган мақсад кадрлар тайёрлаш борасида ҳамкорликни янада ривожлантириш, ўзаро тажриба алмашиш бўлди.
Хитой Жамоат хавфсизлиги вазирлигининг Хитой халқ полицияси университетига ташриф давомида университет бошлиғи Цао Шицюань ва ходимлари билан расмий учрашув бўлиб ўтди. Тадбирда Хитой халқ полицияси университети ва Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси ўртасида (2017 йил 15 май, Пекин ш.) тузилган ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандум ижроси бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳамда келгусида бажарилиши режалаштирилаётган вазифалар юзасидан музокаралар олиб борилди. Шунингдек, делегация аъзолари Хитой Жамоат хавфсизлиги вазирлиги университетининг таълим жараёни билан яқиндан танишиш мақсадида, Университет кутубхонаси, ўқ отиш электрон тири, модуляция ва симуляция маркази ҳамда спорт комплексида бўлиб, ўқув машғулотларида қатнашишди.
Делегацияси аъзолари Хитой Жамоат хавфсизлиги вазирлигининг Ланфан шаҳридаги Қуролли полиция академиясига ҳам ташриф буюрдилар. Ташриф давомида мазкур таълим муассасаси раҳбарияти билан расмий учрашув бўлиб, унда таълим муассасалари ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш ва ўзаро тажриба алмашиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Шунингдек, Қуролли полиция академиясининг ўқув жараёнини бошқариш маркази, илмий лабораториялар, спорт майдонлари ва амалий машғулотлар марказининг фаолияти билан ҳам яқиндан танишидилар.
Амалий аҳамиятга эга бўлган ушбу ташрифлар давомида ҳамкорликда кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, ўқитиш ва таълим технологиялари, илмий тадқиқотлар соҳасидаги дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш тўғрисида муҳим келишувларга эришилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги