Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Сурхондарёда 140 имконияти чекланган оила янги йилни янги уйда нишонлайди

2017-12-31 | Жамият

Тинч-хотиржам, обод ва осуда турмуш кечиришга бўлган иштиёқ инсонни яхши меҳнат қилиш, уй-жой барпо этиш ва рўзғорини бутлашдек эзгу ишларга ундайди. Шу асосда фаровон ҳаёт кечиришга интилади. Бироқ орамизда айрим инсонлар борки, имконияти чеклангани боис, ўз уйига эга бўлиш улар учун бир умр ушалмас орзу бўлиб туюлади.

 

Инсон манфаати ва унинг шаъни олий қадрият ҳисобланган мамлакатимизда ана шундай одамларга меҳр-мурувват, ғамхўрлик кўрсатилиб, уларнинг гўё ушалмас орзу-истакларини рўёбга чиқариш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишига айланган. Шу мақсадда шаҳарларда кўп қаватли арзон ва шинам турар жой бинолари, қишлоқларда янгиланган намунавий лойиҳалар асосидаги арзон уй-жойлар қурилмоқда. Бундай улкан бунёдкорлик-яратувчанлик ишлари асносида кўплаб имконияти чекланган юртдошларимизнинг  орзу-истаклари рўёбга чиқаётир. Якунланаётган йилда Термиз шаҳрида замонавий қулайликларга эга 7 қаватли бешта арзон турар жой биноси қурилиб, фойдаланишга топширилгани, қишлоқларда 1000 дан ортиқ янгиланган намунавий лойиҳалар асосидаги арзон уй-жой қад ростлагани бунинг ёрқин далилдир. Шунингдек, одамларнинг турар жойга талаби ўрганилиб, 16 мингга яқин оилага уй-жой қуриш ва ёрдамчи хўжалик юритиш учун тўрт сотихдан ер майдони ажратиб берилгани ҳам эҳтиёжманд ва ёш оилаларни қўллаб-қувватлашнинг самарали тизими яратилганига яққол мисолдир.

Янги йил байрами арафасида вилоятда бир гуруҳ имконияти чекланган фуқароларга Президент совғаси – замонавий уйлар калити топширилгани ҳам халқимизга хос меҳр-оқибат, бағрикенглик, эзгулик сингари гўзал фазилатларимизни янада кенг намоён этиб, ногиронлиги бўлган шахсларда Ватандан ғурур-ифтихор туйғусини кучайтирмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатларига мурожаатида мамлакатимизда арзон ва сифатли уй-жойлар қуриш изчиллик билан давом эттирилиб, 2018 йилда жорий йилга нибатан намунавий ва арзон уй-жойлар қуришни 1,5 бараварга кўпайтиришнинг аниқ режаси белгилаб берилгани аҳоли, айниқса, ёш, эҳтиёжманд оилалар ва имконияти чекланган инсонларда бугунидан шукроналик, эртанги кунга ишончни мустаҳкамламоқда.

Жумладан, янги йилда биргина Термиз шаҳрида 10 дан ортиқ етти қаватли арзон турар жой биноси бунёд этилади. Қишлоқларда уй-жойга муҳтож минглаб оилалар янгиланган лойиҳалар асосидаги замонавий массивларда уй тўйларини ўтказади. Бу халқимизнинг кўп йиллар давомида тўпланиб қолган ҳаётий эҳтиёж ва манфаатларини таъминлашга қаратилаётган улкан эътибор ифодасидир.

Денов туманидаги Водий массивида 15 имконияти чекланган фуқарога янгиланган намунавий лойиҳалар асосида қурилган уй-жойлар тантанали топширилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати ходимлари, вилоятдаги Халқ қабулхоналари раҳбарлари, туман ҳокимлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, маҳалла фаоллари, имконияти чекланган шахслар ва уларнинг қариндошлари иштирок этган тадбирда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар халқ манфаатларини таъминлаб, ҳаёт даражасини юксалтиришга қаратилгани алоҳида таъкидланди.

Янги массивда янгиланган намунавий лойиҳалар асосида икки, уч ва тўрт хонали 450 замонавий уй қурилиб битказилди. Янги уйларнинг 15 таси эҳтиёжманд фуқароларга берилди.

– Кўп йиллар алоқа соҳасида меҳнат қилдим, – дейди Денов туманидаги Истиқбол маҳалласида яшовчи М.Қутлиева. – Тақдир экан, етти йилча муқаддам автоҳалокат туфайли ногирон бўлиб қолдим. Уч фарзандим бор. Турмуш ўртоғим билан ажрашиб кетганмиз. Кўп йиллардан буён қайин синглимнинг бир хонали уйида ижарада яшаётган эдик. Маҳалла фаоллари кўмаги билан менга замонавий тикув машинаси беришди. “Хайрабодпахта” акциядорлик жамиятига касаначилик асосида ишга қабул қилишди. Мана, бугун барча шароитларга эга уч хонали уйга ҳам эга бўлдим. Э худойим, бундан ортиқ бахт борми? Биздек ногиронлар, муҳтож фуқаролар бошини силаб, кўнглини  кўтараётган Президентимиздан миннатдормиз.

Шу куни вилоятнинг Узун, Сариосиё, Олтинсой, Денов, Шўрчи ва Қумқўрғон туманларидан имконияти чекланган 45 фуқаро таклиф этилиб, уларга ҳам ўзлари яшаётган ҳудудда қад ростлаган янги уйлар калити топширилди.

Сариосиё туманидаги Аэропорт маҳалласида яшовчи имконияти чекланган Б.Меликамоловлар оиласи ҳам уч хонали уй калитини олди. Янги йил байрами арафасидаги бу совғадан, айниқса, Баҳодирнинг турмуш ўртоғи Маҳфуза Маматқулова беҳад мамнун.

– Бу оилага келин бўлиб тушганимга уч йилдан ошди, – дейди М.Маматқулова. – Кўп қаватли уйнинг уч хонали хонадонида қайнотам, қайнонам ва турмуш ўртоғимнинг бир этак ука-сингиллари билан етти жон яшаётган эдик. Ёш келин-куёвнинг бундай шароитда яшаши сал унғайсиз бўларкан. Яратганга шукр, энди ўз уйимиз бор. Янги уйда барча қулайлик муҳайё. Ётоқхона ҳам, меҳмонхона ва ошхона ҳам жиҳозланган. Барчаси учун бошим ерга теккунча таъзим қиламан.

Узун туманидаги Янги турмуш маҳалласида янгиланган намунавий лойиҳалар асосида бунёд этилган уйлардан 9 таси туманда истиқомат қилаётган имконияти чекланган фуқароларга ажратилди.

– Кексаларнинг етти мучанг соғ бўлсин, деб дуо қилишида чуқур маъно бор экан, – дейди Узун тумани Дўстлик маҳалласида истиқомат қилаётган I гуруҳ ногирони С.Исаев. – Мана, оила қурганимга ўн йилча бўлди. Лекин йигит соғлом бўлмаса, уй-жой қуриш фақат орзу бўлиб қолавераркан. Меҳнат қилишга қурбим етмайди. Шу боис, оила қурганимдан буён ижарада яшаб келмоқда эдик. Гулдек бир ўғил, икки қизимиз бор. Улар ҳам йил сайин улғайиб бормоқда. Сўнгги йилларда фарзандларимиз ҳам биздек ижарада яшаб ўтармикан, тарбияси қандай бўлар экан, дея кўп ўйлайдиган бўлиб қолгандим. Бизга замонавий жиҳозланган уч хонали уйнинг калитини топширган давлатимиздан чексиз миннатдормиз. Уйимизнинг икки сотих ер майдони ҳам бор. Бу ёғига биз фарзандларимизни мана шундай обод Ватанга муносиб этиб тарбиялашга сўз берамиз.

Шу куни бир гуруҳ эҳтиёжманд оилаларга Қорбобо ва Қорқиз иштирокида катталар ва болалар ногиронлик аравачаси, маиший техника буюмлари совға қилинди. Ватанни, осуда ҳаёт ва фаровон турмушни, меҳр-оқибат ва бағрикенгликни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар янгради.

Вилоятда имконияти чекланган фуқароларга янги уйларнинг калитини топшириш давом этмоқда.

 
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА 

Манба: ЎзА

Поделиться