Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тошкент вилоятида 255 нафар профилактика инспекторига хизмат уйи ва автомашина топширилди
2017-12-31 | Жамият
Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳрида вилоят ички ишлар бошқармаси ички ишлар органлари таянч пунктлари профилактика инспекторларининг тантанали қасамёд қилиш маросими ўтказилди.
Президентимизнинг 2017 йил 20 апрелдаги “Ички ишлар органлари таянч пунктларининг профилактика инспекторларини хизмат уй-жойи билан таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан вилоятдаги яна 255 нафар профилактика инспекторига хизмат уйи ва имтиёзли кредит асосида харид қилинган автомашина калити топширилди.
Ангрен шаҳрининг чекка ҳудудида жойлашган "Нуробод" маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи аҳоли тинчлигини таъминлаш йўлида хизмат қилаётган профилактика инспектори Нодир Усмоналиевга ҳам ушбу ҳудудда замонавий хизмат уйи ва енгил автомашина берилди.
– Оилам билан Янги йилни янги хонадонда нишонлайдиган бўлдик, – дейди Ангрен шаҳридаги 32-таянч пункти профилактика инспектори, лейтенант Нодир Усмоналиев. – Ҳар куни эрталаб ўзимга бириктирилган ҳудудга 40 километр узоқдан қатнар эдим. Янги уйимиз маҳалла марказида жойлашган бўлиб, энди ҳудудда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасидаги ишлар янада самарали бўлади. Айни пайтда "Нуробод" маҳалла фуқаролар йиғинида 5 минг 800 аҳоли истиқомат қилади. Байрам кунларини тинч ва осойишта ўтказиш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш борасида тизимли ишлар олиб боряпмиз.
Тошкент вилоятида фаолият кўрсатаётган 615 профилактика инспектори ўз ҳудудида аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олишда жамоатчилик ташкилотлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари, таълим муассасалари билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйган.
Манба: ЎзА