– Бугун қувончим ичимга сиғмайди, – дейди янги хонадон соҳибаларидан бири II гуруҳ ногирони Дилрабо Аҳмедова. – Кўп йиллар аввал бахтсиз ҳодиса туфайли оёқларим қаттиқ лат еб, юролмай қолдим. Доим кайфиятим тушкун эди. Аммо биз каби имконияти чекланган фуқароларга Президентимиз томонидан кўрсатилаётган эътибордан кўнглим тоғдек кўтарилди. Хасталигимни унутгандек бўлдим. Бугун бир хонали квартира соҳибасига айландим. Қалбимда янги умидлар, орзулар пайдо бўлди. Давлатимиз раҳбари бизга бахт улашди.
Қаршида ўтказилган тадбир давомида 5 нафар ногирони бор оила аъзоларига янги уй калитлари тантанали топширилди.
2017 йилда 5 қаватли Қарши шаҳрида 315 хонадонли кўп қаватли уй-жой ўз эгаларига топширилиб, улар Янги йил байрамини янги уйларда қарши олмоқда.
Келгуси йилда Қашқадарё вилояти марказида 14 та арзон нархдаги кўп қаватли уйлар қурилади. Айни пайтда Қарши шаҳридаги Жайхун кўчасида 2 та, Ўзбекистон кўчасидаги 5 та уй қурилиши жадал олиб борилмоқда. Ойдин маҳалласида қурилиши режалаштирилган арзон кўп қаватли уйлардан 7 тасида ҳозирги кунда пойдевор ишлари бошлаб юборилган.
2017-2020 йилларда Қарши шаҳрида 1 минг 701 хонадонли жами қирқта кўп қаватли турар жой биноси қурилиши белгиланган.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири
Манба: ЎзА