Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“Независимая газета”: Ўзбекистон жадал ташқи сиёсат юритмоқда
2017-12-31 | Сиёсат
Россиянинг «Независимая газета» нашри Ўзбекистонга Шавкат Мирзиёев раҳбарлик қила бошлаганига бир йил тўлганини қайд қилди. Шубҳасиз, бир йил – муаяйн хулосалар чиқариш учун қисқа муддат, аммо бу намоён бўлишга улгурган тенденцияларни сезиш, уларнинг ижобий ва салбий таъсирини баҳолаш учун етарли муддатдир.
Тошкентнинг ташқи сиёсатида содир бўлаётган ўзгаришлар айниқса, яққол сезилмоқда. Бу ўринда Ўзбекистоннинг минтақадаги қўшнилар билан муносабатларни йўлга қўйишга интилаётганини алоҳида ажратиб кўрсатиш мумкин. Шуниси диққатга сазоворки, Шавкат Мирзиёевнинг ташқи сиёсий фаоллиги қўшни Туркманистон ва Қозоғистондан бошланган.
Айни пайтда расмий Тошкент ўтган йил давомида Москва ва Пекин билан иқтисодий мулоқотни фаоллаштирди. Шавкат Мирзиёевнинг апрель ойида Россияга сафари натижасида қарийб 16 миллиард долларлик шартномалар имзоланди. Ўзбекистон раҳбарининг шу йил май ойида “Бир макон – бир йўл” саммити доирасида Пекинга илк сафари давомида Ўзбекистон ва Хитой давлатлари ўртасида қиймати 20 миллиард доллардан катта бўлган битимлар имзоланди.
Ўзбекистон ташқи сиёсатидаги диққатга сазовор ўзгаришлардан яна бири Тошкентнинг Ғарб давлатлари билан муносабатларига тааллуқлидир. Бу борада ҳозирги пайтда ошкора илиқлик кузатилмоқда. Жумладан, ноябрь ойида Европа тикланиш ва тараққиёт банки кўп йиллик танаффусдан сўнг Ўзбекистонда қайта фаолият кўрсата бошлади. Жанубий Кореяга сафар давомида Ўзбекистон Президенти мамлакатнинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш бўйича ишлар қайта бошланганини эълон қилди. Сеул, ўз навбатида, Тошкентга бу борада маслаҳат ёрдамини кўрсатишга ваъда берди. Ўзбекистоннинг Ғарб билан алоқалари жонланишига Мюнхенда ноябрда бўлиб ўтган Ўзбекистон-Германия бизнес-форуми, шунингдек, Ўзбекистон парламенти делегациясининг Вашингтонга ташрифи туртки берди. Ушбу қадамлар келажакда Тошкент ҳам ташқи сиёсат, ҳам ички сиёсат соҳаларида халқаро сиёсий ва иқтисодий амалиётларга кўпроқ мос бўлишга интилишидан далолат бераётган бўлса, ажаб эмас.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти