Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Энергия тизимини янада такомиллаштиришда янги қадам

2017-12-29 | Жамият

Президент ташрифидан сўнг...

Бугунги кунда уйда бир кун чироқсиз ўтиришни тасаввур қила оламизми? Қийин-а? Уй қандайдир файзсиз, зерикарли кўриниб кетади, юрагимиз сиқилиб, дарров мутасадди ташкилотларга қўнғироқ қилиб, қачон чироқ келишини суриштириб қоламиз.
 
Энди бу вазият биронта йирик ташкилот ё ижтимоий муассаса – масалан, мактаб, шифохона, ишлаб чиқариш корхонасида юз берса-чи? Унинг оқибатида келиб чиқадиган иқтисодий-ижтимоий зарарни ҳисоблаб кўраверинг. Ҳа, бугунги замонда электр энергиясининг бир муддат узилиши қанчадан-қанча асаббузарликлар, шовқин-суронлару ўрнини қоплаш мушкул бўлган зиёнларни етказиши бор гап. Буни, яқинда Атлантада дунёдаги энг катта аэропортлардан бирида электр энергияси узилиши оқибатида барча парвозлар бекор қилингани, бир неча бўлимларнинг иш фаолиятига салбий таъсир кўрсатгани, йўловчиларни самолёт ва терминаллардан олиб чиқиш учун аэропорт ходимлари овора бўлганида ҳам кўриш мумкин.
 
Энергетика – мамлакат иқтисодиётининг муҳим таянч тизими ҳисобланади. Юртимиздаги йирик, замонавий технологиялар асосида энергетика корхоналарининг реконструкция ва модернизация қилиниб, янгилари барпо этилаётгани, юксак самарали техника ва технологиялар билан таъминлаш, энергия ресурсларини тежашга алоҳида эътибор қаратилаётгани миллий энергия тизимини янада такомиллаштириш ва уни сифат жиҳатидан янги ривожланиш босқичига кўтариш имконини бермоқда. 

Яқинда ишга туширилган Тошкент иссиқлик электр станциясининг янги буғ-газ қурилмаси ҳам ана шу мақсадга хизмат қилади.
 
– Президентимиз станциямизга ташриф буюриб, янги замонавий буғ-газ қурилмасининг имкониятлари ва афзалликлари билан танишди, тежамкор технологиялардан фойдаланиш замон талаби экани, бу каби замонавий лойиҳаларни кўпроқ жорий этиш зарурлигини таъкидлади, – дейди станция бошқарма бошлиғи Л.Нуруллаев. – Дарҳақиқат, мазкур қурилмани барпо этишдан кўзланган асосий мақсад ҳам аҳолини электр энергияси билан мунтазам таъминлаш ва мамлакатимиз иқтисодиётини мустаҳкамлаш, табиий газдан тежамкор фойдаланиш ва атроф-муҳитга чиқариладиган зарарли газларни камайтиришдан иборат.
 
Ушбу объект қурилиши ва ишга туширилишида Словакиянинг "Synecta a.s" ва "Istroenergo group a.s" компаниялар уюшмаси, Польшанинг "SNC Lavalin Polska, Sp.zo.o" шўъба уюшмаси билан ҳамкорлик қилинди. Мазкур лойиҳани амалга оширишда АҚШ, Италия, Бельгия, Россия, Австрия сингари давлатларнинг етакчи компаниялари қатнашди. 

Хусусан, қуввати 250 мегаваттлик газ ва 120 мегаваттлик буғ турбиналари "General Electric" (АҚШ), соатига 274,5 тонна буғ ишлаб чиқариш қувватига эга қозон утилизатор "CMI Hidrojeniks" (Бельгия) компаниялари томонидан ишлаб чиқарилган. Шунингдек, “Ўзкабель”, “Ўзэлектроаппарат”, Чирчиқ трансформатор заводи каби корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган маҳаллий маҳсулотлардан ҳам кенг фойдаланилди. 

Корхонанинг илк энергоблоки 1963 йилда фойдаланишга топширилган. 1971 йилга келиб уларнинг сони 12 тага етган. Ҳар бир энергоблокнинг қуввати 150-160 мегаватт, станциянинг умумий белгиланган қуввати 1 минг 860 мегаваттни ташкил этади. 

Янги буғ-газ қурилмаси фойдаланишга топширилиши билан қўшимча равишда йилига 2,6 миллиард киловатт соат электр энергияси, шунингдек, 110 минг гигакалория иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш имконияти яратилди. 

Эски блокларни ишга қўшишнинг ўзига 2,5-3 соат вақт кетар, соатига 43-45 минг кубометр ёқилғи сарфланар эди. Янги буғ-газ қурилмасининг афзаллиги уни ишлатиш ва бошқариш жараёни тўлиқ автоматлаштирилган бўлиб, 20-30 дақиқада қурилма ишга тушади ва тез юклама олгани боис ортиқча ёқилғи сарфланишига деярли барҳам берилди. Амалдаги энергия блокларида 1 киловатт электр энергияси ишлаб чиқариш учун сарф қиладиган шартли ёқилғининг миқдори 425-427 г/киловатт соатни ташкил этган бўлса, замонавий қурилмада бу миқдор икки бараварга қисқарди. Бунинг натижасида йилига 350,9 миллион кубометр табиий газ тежалади. 

– Замонавий технологияларга асосланган янги қурилмани ўзлаштириш ва унинг барқарор ишлашини таъм 
инлашда ёш мутахассисларнинг ўрни катта, – дейди бош муҳандис ўринбосари Тоҳир Серикбоев. – Буғ-газ қурилмасида ўттиздан зиёд мутахассис фаолият юритмоқда, уларнинг 24 нафари Навоий иссиқлик электр станцияси ва Японияда малака ошириб келган ёш мутахассислардир. Уларнинг билим ва тажрибаси мазкур қурилмани самарали ишлатишда қўл келмоқда. 

Янги буғ-газ қурилмасида соатига 370 мегаватт электр, 113 гигакалория иссиқлик энергияси ишлаб чиқарилади. Энергия ишлаб чиқарилганда йиллик ўртача фойдали иш коэффиценти 56,7 фоизга тенг. 

Мазкур қурилманинг ишга туширилиши энергетика соҳасининг салоҳиятини янада мустаҳкамлаш, ҳудудлар инфратузилмасини тубдан яхшилаш, янги иқтисодиёт ва саноат, ишлаб чиқариш тармоқларини ташкил этиш, аҳоли ва тармоқларни электр ва иссиқлик энергияси билан узлуксиз таъминлаш имконини беради.

 

Байрам Айтмуродов, Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться