Президентимиз фармонига мувофиқ бир қатор юртдошларимиз Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинмоқда. Навоий вилоятида ҳам 2017 йилда 70 нафар юртдошимиз фуқаролик паспортига эга бўлди.
Навоий шаҳрида яшовчи бир оиланинг бирданига уч аъзоси Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинди. Шу муносабат билан уларни вилоят ҳокими Қ.Турсунов табриклади.
– Бугун биз учун унутилмас кун бўлиб қолади, – дейди Навоий кон-металлургия комбинатига қарашли 3-автокорхона ходими Ш.Сулаймонова. – Икки ёшимдан буён Ўзбекистонда яшайман, шу ерда униб-ўсдим. Лекин фуқаролик паспортим йўқлиги мен учун армон эди. Ҳаётимдаги энг катта орзуларимдан бири ушалди. Онам, мен ва акам Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлдик. Бундай имкониятни тақдим этган Президентимиздан миннатдормиз.
Ш.Сулаймонованинг онаси Ҳ.Мелихонова кўп йиллар ҳокимлик тизимидаги идораларда ишлаб, нафақага чиққан. Фарзандларини юрт корига ярайдиган инсонлар қилиб тарбиялаган онанинг ҳам қувончи чексиз. Ўғли У.Сулаймонов тадбиркор сифатида фаолият юритиб, эл-юрт фаровонлиги йўлида сидқидилдан хизмат қилмоқда.
Нуриддин Раҳимов, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА
Манба: ЎзА