Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“Президентнинг самимият билан айтган сўзлари менда катта таассурот қолдирди”
2017-12-28 | Жамият
Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасига Мурожаатномасига ўз муносабатини билдирар экан, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалар мувофиқлаштирувчиси Жон МакГрегор шундай деди.
- Ушбу мурожаат мазмуни Ўзбекистон жамиятининг барча қирраларини қамраб олди. Унда жорий йилда эришилган муваффақиятлар таҳлил қилингани баробарида 2018 йилнинг устувор йўналишлари ҳам баён этилди.
Давлат раҳбари билдирган жуда кўп фикрлар ЕХҲТ доирасидаги фаолият билан яқиндан боғлиқ бўлиб, 2017 - 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг Ҳаракатлар стратегиясидаги устувор соҳаларга дахлдордир.
Биринчидан, Президентнинг одамлар адолатни ва яна бир бор адолатни исташи ҳақида айтган фикрлари менда катта таассурот қолдирди. Бу одил судлов, қонун устуворлиги, ҳуқуқ-тартибот ва миллий хавфсизлик йўналишларидаги асосий ислоҳотлар билан боғлиқ бўлиб, мазкур соҳалар Ўзбекистонда ва бутун жаҳонда инсонлар ҳаёти учун жуда муҳим аҳамият касб этади.
Шавкат Мирзиёев қайд этганидек, республика аҳолиси ислоҳотларни қўллаб-қувватламоқда, шу билан бирга амалий саъй-ҳаракатлар ва натижаларни интиқлик билан кутмоқда. Улар ўз ҳаётларида келажакда эмас, балки бугун ўзгаришлар ўзгаришлар бўлишини исташмоқда. Президент бунинг учун зарур чора-тадбирларни кўрмаган ва фақат кузатувчи бўлиб қолаётган мансабдорларни дадиллик билан танқид остига олди.
Ўзбекистон раҳбари таълим, соғлиқни сақлаш, иқтисодиёт соҳаларида республика учун намуна тариқасида тараққий этган мамлакатлардан қатор аниқ мисолларни келтирди.
ЕХҲТ ҳар қандай жамиятдаги нодавлат ноҳукумат ташкилотларига алоҳида аҳамият беради. Ўзбекистон раҳбари мамлакатдаги 9 минг ноҳукумат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш зарурлигини қайд этгани жуда қувонарли ҳолдир. Бундан ташқари, давлат ва жамоатчилик муассасалари устидан фуқаролик назорати таъминланиши учун давлат органлари ҳузурида жамоатчилик кенгашларини тузиш ҳақида ҳам муҳим фикр билдирилди.
Иқтисодий ривожланиш ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ҳақида тўхталар экан, Президент Уинстон Черчиллнинг қуйидаги фикрини келтиргани жуда ўринли бўлди: “Баъзилар тадбиркор деганда соғин сигирни, фақат саноқли одамларгина тадбиркор деганда оғир аравани тортаётган меҳнаткаш отни тушунади”. Дарҳақиқат, тадбиркор оғир аравани тортадиган от мисолидир.
Шавкат Мирзиёев бутун Ўзбекистон иқтисодиёти учун мутлақ локомотивлар сифатида тадбиркорлар ўз фаолиятларига ижодий ёндошиши, инновация тафаккурига эга бўлиши зарур эканлигини теран англашини ҳам намоён этди.
Шунингдек, иқтисодиётни ривожлантириш нуқтаи назаридан қонун устуворлиги қўллаб-қувватланиши ҳамда тадбиркорлар учун давлат идоралари томонидан асоссиз текширувларни ва тўсқинлик қилишларни бартараф этиш тўғрисидаги фикр-мулоҳазаларни тинглаш ҳам бизларни қувонтирди.
Ўзбекистон етакчиси бугунги кунга қадар етарли даражада фойдаланилмаётган миллий ресурсларни алоҳида таъкидлади. Шуниси ҳам муҳимки, Президент мамлакат олдида турган вазифа ва муаммоларнинг жиддий эканлигига эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлаш асносида халқаро рейтинглардан аниқ-равшан маълумотларни мисол тариқасида тилга олди. Масалан, аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи ички маҳсулот ҳажми, божхона ҳужжатларини расмийлаштириш муддатлари (бунга Белгияда 1 соат кифоя қилса, Ўзбекистонда бунга 1 ойлаб муддат сарфланиши) ва ҳоказо.
Президентнинг самимият билан айтган сўзлари менда катта таассурот қолдирди. Ҳақиқатан ҳам Шавкат Мирзиёев айтаётган фикрларига қаттиқ ишонади. У, ҳеч шубҳасиз, Ўзбекистонга яхшилик соғинади, шу билан бирга, одамларнинг истак ва эҳтиёжларини тушунади. Буларнинг кўпгинаси “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” ҳамда ҳоҳ якка ҳолда, ҳоҳ жамоа бўлсин, одамларнинг овози эшитилишига имконият яратган виртуал ва халқ қабулхоналари фаолиятининг натижаси ҳисобланади. Президент “Менинг фикрим” веб-саҳифасини яратиш бу йўналишдаги янги қадам бўлишини эълон қилди.
Умуман олганда, Президент ҳамон кўпгина муаммолар мавжуд эканлиги, улар ҳал этилиши лозимлиги ва кўпгина ислоҳотлар олиб бориш кераклиги юзасидан ҳеч қандай шубҳа қолдирмади. Агар мамлакатдаги барча одамлар ўзгаришларни жадаллаштириш кераклигини, улар муаммолар ҳал қилинишида таркибий қисм эканликларни ватанпарварлик билан ҳис этсалар салмоқли натижалар тайин, келажак ҳам порлоқ бўлади.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги