28 декабрь – Мустақиллик ва эзгулик монументи очилган кун
Ҳар сафар Мустақиллик майдонидан ўтар эканмиз, ушбу ноёб меъморий ансамбль қаршисида беихтиёр ўйга толади киши. Она Ватанимизнинг тарихи, буюк аждодларимиз, шонли ва суронли ўтмиши хаёлда гавдаланади.
Улуғ салтанат асосчиси Соҳибқирон Амир Темур, буюк аждодларимиз Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Алишер Навоий, Жалолиддин Мангуберди, юлдузларни кашф қилган Мирзо Улуғбек, Ҳинд сори армон билан йўл олган Заҳириддин Муҳаммад Бобур, миллатни уйғотишга шайланган ва қатағон бўлган жадид боболаримиз, сўнг Иккинчи жаҳон урушида ғалабага муносиб ҳисса қўшган, "оқ олтин"дан тоғдай хирмон уюб, бегона карвонларга топшириб, кетмонига ўйчан, унсиз суяниб турган фидойи ва деҳқон боболаримиз, қўли қадоқ момоларимиз ёдга тушади...
Бугун истиқлол қуёшидан баҳра олаётган халқимизнинг нурли қиёфаси, бахтиёр нигоҳи, фарзандларимизнинг қувончу завқи беихтиёр қалбда шукроналик, ғурур-ифтихор ҳиссини жўш урдиради.
2005 йил Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ғояси ва ташаббуси билан мамлакатимизнинг бош майдонида барпо этилган, чуқур ва кенг маъно-мазмуни билан барчамиз учун азиз бўлган муқаддас қадриятларни ўзида мужассам этган ушбу мажмуа аждодларимизга армон бўлган ва халқимизнинг азму шижоати туфайли қўлга киритилган энг улуғ, энг азиз неъмат бўлмиш истиқлолимиз, бугунги тинч-осойишта, фаровон, бахтли ҳаётимиз, орзу-ниятларимиз, буюк келажакка мустаҳкам ишончимиз тимсолидир.
...Мустақиллик майдони халқимизнинг кўнглидай кенг Эзгулик аркасидан бошланади. Арканинг баланд ва мустаҳкам устунлари мустақил тараққиётимиз асосининг мустаҳкамлиги, танлаган йўлимизнинг қатъийлиги рамзи, арка тепасидаги оппоқ лайлаклар тинчлик-осойишталик, мусаффо осмонимиз тимсоли, қанот қоқаётган турналар эса бугунидан маъно топиб, фаровон турмуш кечираётган халқимизнинг эртанги кун, улуғвор мақсадлар, юксак марралар сари интилаётганига ишора.
Дунёда давлатлар кўп, аммо она Ватан – Ўзбекистон ягонадир. Майдоннинг тўрида савлат тўкиб турган обида тепасидаги зарҳал курраи заминимиз ва унда ажралиб турган Ўзбекистон харитаси бу ерга келган юртдошларимизда жаҳон майдонида ўз мавқеи, обрўсига эга юрт фуқароси эканидан фахрланиш туйғусини уйғотиши шубҳасиз. Фарзандини бағрига босиб, унга қувонч, меҳр-муҳаббат билан термулиб турган Бахтиёр она ҳайкали – Ватан, онасининг қучоғида осуда ором олаётган гўдак буюк келажагимиз тимсолидир.
Бугун мустақил мамлакатимиз тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйди. Дунё ҳамжамияти, халқаро нуфузли ташкилотлар, хорижий давлатлар Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан барча жабҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, ўзгариш ва янгиланишлар, ютуқ ва марраларни, мамлакатимизнинг улкан салоҳиятини эътироф этмоқда. 2017 йилнинг Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили деб номланиши, Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг қабул қилиниши, барча соҳаларда улкан ислоҳотларнинг амалга оширилиши замирида халқимизнинг ҳаёт даражасини яхшилаш, бугунидан рози бўлиб, келажагига қатъий ишонч билан яшашини таъминлаш мақсади мужассамдир.
Умумхалқ байрамлари ва тантанали маросимларда, спортчиларимизни йирик халқаро мусобақаларга кузатиш ёки юртимизда йирик халқаро кўрик-танлов ва мусобақаларни ўтказиш олдидан ушбу обида пойига гулчамбарлар қўйиш анъана тусини олди. Шунингдек, юртимизга ташриф буюрадиган хорижий мамлакатларнинг раҳбарлари, турли даражадаги делегациялар вакиллари ва бошқа меҳмонлар ҳам Монумент пойига гулчамбар қўйиб, мустақил Ўзбекистонимизга ҳурматини ифода этади.
Мустақил ҳаёт остонаси сари одимлаётган келин-куёвлар эзгу ният билан Эзгулик аркасидан ўтиб, пок ният ва гўзал амаллар рамзи бўлган оқ мармарлардан юриб Бахтиёр она пойига гул қўяркан, унинг сиймосида ўзининг беғубор, бокира орзуларини кўргандек бўлади. Пойтахтимиздаги таълим муассасаларининг янги ўқув йилидаги илк дарси – Мустақиллик дарси бош майдонимизда, ушбу монумент қаршисида ўтказилади. Бу мактаб остонасига илк қадам қўяётган фарзандларимиз қалби ва онгига мустақиллик, Ватан, она каби муқаддас тушунчаларни сингдиришга хизмат қилади.
Шу кунларда Мустақиллик майдони янада кўркам ва файзли қиёфага кирган. Янги йил байрами арафасида қад ростлаган улкан арчадаги турфа безаклар ва камалакранг чироқлар, майдонда барпо этилган ўзига хос эртаклар шаҳарчаси барчага завқ-шавқ улашмоқда. Истиқлолимизнинг буюк неъматларидан баҳра олиб улғаяётган бахтиёр фарзандларимизнинг қувончу завққа тўла шодон кулгуси бутун оламга таралади.
Байрам Айтмуродов, ЎзА
Манба: ЎзА