Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Халқаро турнир бошланди
2015-04-15 | Спорт
Бухорода халқаро теннис федерацияси (ITF) мусобақалари туркумига кирувчи эркаклар ўртасидаги "Фьючерс" турнири бошланди.
Мусобақанинг очилишига бағишланган маросимда мамлакатимизда спортнинг Олимпиада дастурига киритилган турлари, жумладан, теннисни ривожлантириш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Нафақат пойтахтимиз, балки мамлакатимизнинг бошқа шаҳарларида жаҳоннинг турли давлатлари ракетка усталари иштирокидаги халқаро турнирлар мунтазам ўтказилаётгани ҳам бунинг исботидир.
Бу галги турнирда Ўзбекистон, Россия, Украина, Беларусь, Латвия, Ҳиндистон, Хитой Тайпейи, Қозоғистон ва Қирғизистондан теннисчилар иштирок этмоқда. Унда мамлакатимиз шарафини Санжар Файзиев, Темур Исмоилов, Сарвар Икромов, Шонеъматжон Шофайзиев каби тажрибали теннисчилар билан бир қаторда ёш иқтидор эгалари ҳам ҳимоя қилмоқда.
– Мен учун бу турнир ITF туркумидаги илк халқаро мусобақадир, – дейди бухоролик 19 ёшли иқтидорли теннисчи Азизбек Луқмонов. – Яккалик баҳсларидаги дастлабки қадам омадли бошланди. Рақибим латвиялик Артурс Лаздинс мендан анча кучли ва тажрибали эди. Аммо уни мағлубиятга учратдим. Кейинги турда ҳам мухлисларга манзур ўйин кўрсатишга ҳаракат қиламан.
Яккалик ва жуфтлик мусобақаларидан иборат халқаро турнир 18 апрелга қадар давом этади.
Тадбирда Бухоро вилояти ҳокими М.Эсонов сўзга чиқди.
Манба: ЎзА