Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Янги йил байрамига муносиб туҳфа
2017-12-27 | Жамият
Наманган вилоятида Президентимизнинг 2016 йил 21 октябрдаги “2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида”ги қарори асосида барпо этилган уй-жойлардан яна 8 таси фойдаланишга топширилди.
Вилоят ва туман ҳокимликлари, давлат ва жамоат ташкилотлари масъул ходимлари, фахрийлар, ёшлар, журналистлар иштирокида Наманган шаҳри, Янгиқўрғон, Уйчи, Мингбулоқ, Тўрақўрғон ва Чуст туманларида жисмоний имконияти чекланган фуқаролар ҳамда кам таъминланган оилалар учун қурилган мазкур уй-жойларни тантанали топшириш маросимида Президентимиз томонидан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
– Бугунги ҳаяжон ва қувончимни сўз билан таърифлай олмайман, – дейди Чуст туманининг Сабзавор даҳасида қурилган ҳар бири 16 хонадондан иборат тўртта 2 қаватли уйлардан бирининг соҳибига айланган II гуруҳ ногирони Муниса Ваққосова. – Уй-жойли бўлганим, меҳрибон Президентимиз, ҳукуматимиз, халқимиз томонидан кўрсатилаётган беқиёс ғамхўрлик менинг ҳаётга, яшашга иштиёқимни кучайтирди, жамиятда ўз ўрнимга эга эканимни ҳис қилдим. Акам ва унинг саккиз кишидан иборат оиласи билан бирга яшар эдим. Бироқ, ўз уйинг бўлганига нима етсин! Президентимиздан бир умр миннатдорман.
Шу каби самимий миннатдорлик Янгиқўрғон туманида истиқомат қилувчи II гуруҳ ногиронлари Хуршида Абдуллаева, Моҳира Имомбоева, тўрақўрғонлик Замира Аҳмедшерова ва уй-жойга эга бўлган бошқа кўплаб фуқаролар томонидан ҳам изҳор қилинди.
– Бундай қулай шароит яратилган уйни ҳар қандай оила бекаси орзу қилади, – дейди Х.Абдуллаева. – Ошхона, ювиниш хоналари замонавий жиҳозланган, иссиқ сув, совуқ сув бор, эшик-ромлар шовқиндан, иссиқ-совуқдан ҳимоя қилади. Уй бекаси ортиқча қийинчилик ва муаммоларсиз рўзғор юритиши учун барча шароит муҳайё.
Шу куни кам таъминланган, жисмоний имконияти чекланган ва уй-жойга муҳтож 290 нафардан зиёд фуқарога янги хонаданлар калити топширилди.
Таъкидлаш жоизки, жорий йилда вилоят бўйича 38 даҳада 1 минг 184 арзон уй-жой қуриб битказилди ва 1000 га яқин оила янги хонадонларга кўчиб ўтди.
Янги уй-жойларни топширишга бағишланган тадбирларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Т.Худойберганов, Наманган вилояти ҳокими Х.Бозоров иштирок этди.
Манба: ЎзА