Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
2018 йилда кўп қаватли уйларнинг атрофини ободонлаштириш учун 94,3 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилади
2017-12-26 | Иқтисодиёт
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги расмий веб-сайтида хабар қилмоқда.
Мазкур маблағнинг 47,1 миллиард сўми Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятларнинг маҳаллий бюджети ҳисобидан, қолган қисми эса Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг Уй-жой коммунал хўжалигини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан қопланади.
Ушбу маблағлар эвазига 2 минг 779 та болалар майдончасини қуриш ва таъмирлаш (34,3 миллиард сўм), 126,8 минг погона метр суғориш тармоқларини таъмирлаш (7,7 миллиард сўм), 754,3 минг квадрат метр йўлакларга бетон қоплаш (44,3 миллиард сўм), 7,1 минг дона ташқи ёритгичларни таъмирлаш ва алмаштириш (7,9 миллиард сўм) ишлари амалга оширилади.
Бугунги кунда республикамизда кўп қаватли уй-жойлар сони 32,4 мингдан ортиқ бўлиб, уларга тўрт мингдан ортиғига хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари томонидан хизмат кўрсатилмоқда.
Манба: ЎзА