Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон ХДП масъулиятсиз депутатларни матбуотда танқид қилади. Ўзбекистон “Адолат” СДП таълимдаги қоғозбозликларга қарши курашади
2017-12-26 | Жамият
Парламент қуйи палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномаси мазмун-моҳияти, унда билдирилган фикрлар, илгари сурилган ташаббус ва таклифлардан келиб чиқадиган устувор вазифалар ижросини таъминлаш масаласи ўрганиб чиқилди.
Давлатимиз раҳбари томонидан билдирилган танқидий фикрлардан келиб чиқиб, 2018 йилдан бошлаб депутатларнинг қонун ижодкорлигига қўшган ҳиссаси, вақтдан унумли фойдаланган ҳолда аҳоли билан ўтказган юзма-юз учрашувлари, киритган амалий таклифлари, ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги фаоллиги ва шахсий ташаббускорлиги бўйича ҳар ойлик мониторингни йўлга қўйишга келишиб олинди.
Ўзбекистон ХДП фракцияси, марказий ва ҳудудий кенгашлар фаолиятининг очиқ ва ошкоралигини таъминлаш мақсадида партия нашрларида талаб даражасида иш ташкил эта олмаган, ўз вазифасига масъулиятсизлик билан ёндашган депутат ёки ҳудудий кенгашлар фаолияти ҳақида танқидий мақолаларни бериб бориш йўлга қўйилиши таъкидлаб ўтилди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг йиғилишида эътироф этилганидек, Президентимизнинг тарихий Мурожаатномаси мазмун-моҳиятига кўра энг аввало халқ манфаати йўлида хизмат қилиш, халқ билан мулоқотни давом эттириш, одамларни ҳаётдан рози қилиш, келажакка ишончини мустаҳкамлашга қаратилган бўлиб, бу борада ечимини кутаётган масалалар аниқ далиллар асосида баён қилиниб, тараққиётимизнинг янги босқичида олдимизда турган долзарб вазифаларни белгилаб берди.
Йиғилишда депутатлар партия дастурий мақсадларидан келиб чиқиб, мактабгача таълим тизимини ривожлантириш, бу борада, айниқса, нодавлат таълим муассасалари фаолиятини лицензиялаш, мактабгача таълим, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълимда аттестация ва аккредитация қилиш жараёнларида енгилликлар яратиш, соҳанинг норматив-ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш лозимлигини қайд этди. Бу борада олиб борилаётган ишлар юзасидан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ҳамда Давлат тест марказига парламент сўровини юбориш масаласи ҳам муҳокама қилинди.
Манба: ЎзА