Навоий шаҳридаги Ёшлар спорт мажмуасида Навоий вилояти ИИБ ички ишлар органлари таянч пунктлари профилактика инспекторларининг ўзлари хизмат қилаётган ҳудудда осойишталикни таъминлаш ва фуқароларнинг қонуний манфаатларини ишончли ҳимоялаш учун тантанали қасамёд қабул қилиш маросими ўтказилди.
Навоий вилоятида 209 нафар профилактика инспектори фаолият кўрсатмоқда. 2017 йилда уларнинг 120 нафарига хизмат уйи ва имтиёзли кредит асосида харид қилинган автомашина калити тантанали равишда топширилди.
– Халқимизнинг биз, ички ишлар идоралари ходимларига бўлган ишончини оқлаш йўлида тантанали қасамёд қабул қилганим касбимнинг нақадар масъулиятли ва шарафли эканидан дарак беради, – дейди Нурота тумани Эшонсудур маҳалласи профилактика инспектори Жўрабек Эргашев. – Меҳнатимизга рағбат ва қўшимча масъулият сифатида белгиланган ҳудудимизнинг ўзидан барча қулайликларга эга хизмат уйи ҳамда имтиёзли кредит асосидаги машина берилди. Бу бизни янада сидқидилдан хизмат қилишга ундайди.
Нуриддин Раҳимов, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА
Манба: ЎзА