Жиззах ёшлар етакчиси: “Ёшларга ғамхўрлик ва эътибор уларнинг қорнини тўқ, устини бут қилишдангина иборат эмас”
Жиззахда “Миллий армиямиз – ёшларнинг мардлик, матонат ва жасорат мактабидир” шиори остида “Армия ва ёшлар” мавзусида фестиваль ўтказилди.
Фестивалга 10 мингга яқин талаба, ўқувчи ва уюшмаган ёшлар қамраб олинди.
Фестиваль доирасида вилоят марказидаги Мустақиллик майдонида замонавий ҳарбий техника, қурол-аслаҳа, қутқарув-қидирув хизматининг моддий таъминот базаси кўргазмалари ташкил этилди. Жиззах гарнизони оркестри, Самарқанд олий ҳарбий автомобиль қўмондонлик-муҳандислик билим юрти курсантлари, турли ҳарбий қисмларнинг саф кўриклари, “Ватанпарвар” ташкилотининг авиамодел, автомото спорт тўгараклари иштирокчиларининг кўргазмали чиқишлари намойиш қилинди.
– Ёшларга ғамхўрлик ва эътибор фақат уларнинг қорнини тўқ, устини бут қилишдангина иборат эмас, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Жиззах вилояти кенгаши раиси Азиз Эгамбердиев. – “Миллий армиямиз – ёшларнинг мардлик, матонат ва жасорат мактабидир” шиори остида ўтказилган фестиваль ёшларни Қуролли Кучларимизни мустаҳкамлашда эришилган ютуқлар билан таништиришда катта аҳамиятга эга бўлди.
Тошкул Бекназаров, Жамшид Ёрбеков (сурат), ЎзА
Манба: ЎзА