Янги йил байрами арафасида Жиззах вилоятида имконияти чекланган фуқароларнинг бир гуруҳига Президент совғаси – замонавий уйлар, ногиронлик аравачалари, тикув машиналари берилмоқда.
Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатларига Мурожаатномасида “...2017 йил халқ билан яқиндан мулоқот қилиш, унинг дарду ташвишлари, ҳаётий муаммоларини самарали ҳал этиш бўйича янги тизим яратилган йил бўлди, деб айтишга тўла ҳақлимиз” деган фикри ҳар томонлама асосли эканини жойлардаги Халқ қабулхоналарида фуқаролар мурожаатини кўриб чиқиш борасидаги ишлар натижалари ҳам кўрсатиб турибди.
“Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури ижроси доирасида амалга оширилаётган тадбирларнинг барчаси халқимизга хос меҳр-оқибат, бағрикенглик, мурувват ва саховатпешалик каби олижаноб фазилатларни ўзида мужассам этган. Бу Халқ қабулхонаси томонидан оддий одамларнинг ҳаётий талаб ва эҳтиёжларини қондириш борасида олиб борилаётган ишларда ҳам ўз ифодасини топаётир.
2017 йилда вилоят Халқ қабулхоналарига аҳолидан келиб тушган 29 минг 568 мурожаатнинг 20 минг 360 таси ижобий ҳал этилди. Мурожаатлар билан ишлашда ногирон, ўзгалар кўмагига муҳтож фуқаролар муаммоларини ҳал этиш, эҳтиёжларини қондиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мирзачўл тумани марказидаги Ғалаба маҳалласида эҳтиёжманд оилалар, жисмоний имконияти чекланган фуқароларга янгиланган намунавий лойиҳалар асосида бунёд этилган уй-жойлар тантанали топширилгани ҳам шу эътибор самарасидир.
Жиззах вилоятидаги Халқ қабулхонаси, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, маҳалла фаоллари иштирок этган тадбирда мамлакатимизда аҳолини қийнаётган муаммоларни жойида ҳал этиш, оғирини енгил қилиш борасида кўрсатилаётган ғамхўрликлар уларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашига хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди.
Маҳаллада янгиланган лойиҳа асосида ҳар бири 16 оилага мўлжалланган 2-3 хонадан иборат иккита замонавий уй қуриб битказилди. Уйларнинг 3 хонадони эҳтиёжманд фуқароларга берилди.
– Кўп йиллар ижрада яшаб, фикр-ёдим ўз бошпанам бўлишида эди, – дейди Рустам Болибеков. – Давлатимиз раҳбарининг ғамхўрлиги билан оилам билан икки хонали шинам уйга эга бўлганимиздан бахтиёрмиз. Одамларнинг дардини тинглайдиган “Халқ қабулхонаси”га, бу савоб ишнинг бошида турган Президентимизга раҳмат.
Бир фарзанди билан ижарада яшаб келган Ирина Мишановага ҳам янги турар жойдан икки хонали уй берилди.
– Меҳнат қобилияти чекланган инсон ўзгалар кўмагига муҳтож бўлиб қолар экан, – дейди И.Мишанова. – Ёлғизгина фарзандимни оёққа турғазишда мен тортган азоблар ҳеч бир инсоннинг бошига тушмасин. Шунинг учун Ўзбекистондек саховатли юртда яшаётганимдан, халқпарвар Президентимиз борлигидан фахрланаман. Ўғлимни шу Ватанга содиқ фарзанд қилиб тарбиялайман.
Шу куни вилоятнинг барча туманларидан ногирон, эҳтиёжманд фуқаролар таклиф этилиб, уларга ҳам ўзлари яшаётган ҳудуддан янги уйлар калити топширилди. Жумладан, Ғаллаорол туманида янгиланган лойиҳа асосида қурилган замонавий уйдан 2 хонадони эҳтиёжманд оилаларга берилди.
– Турмуш ўртоғим вафот этгач, уч нафар вояга етмаган фарзандим билан отамнинг уйида тиқилиб яшаб келдим, – дейди икки хонали уйга кўчиб кирган Гулнора Шукурова. – Халқ қабулхонасига қилган мурожаатим ўрганиб чиқилиб, янги уйдан 2 хоналиси берилгани қалбимни қувончга тўлдирди. Биринчи марта Янги йилни ўз уйимда, ўзим хоҳлагандек кутиб оламан.
Шу куни эҳтиёжманд фуқаролардан 16 нафарига катталар, 10 нафарига болалар ногиронлик аравачаси топширилди. Аравачаларнинг 6 таси “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди томонидан совға қилинди. Меҳнат қилиш имконияти ва истаги бўлган ногирон фуқаролардан 17 нафари “Жиззах пахта саноат” ҳамда “Дўстликдон” акциядорлик жамиятлари корхоналарига касаначилик асосида ишга жойлаштирилиб, тикув машиналари билан таъминланди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Т.Худойбергенов, Жиззах вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Э.Солиев иштирок этди.
Тошқул Бекназаров, Жамшид Ёрбеков (сурат), ЎзА
Манба: ЎзА