Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Мамлакат экспорт имкониятларини ошириш – энг муҳим ва долзарб вазифа
2017-12-25 | Сиёсат
25 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимиз экспорт имкониятларини ошириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда Президентнинг давлат маслаҳатчилари, Бош вазир ва унинг ўринбосарлари, тегишли вазирлик ва идоралар, хўжалик бирлашмалари раҳбарлари иштирок этди. Шунингдек, видеоконференция алоқаси орқали Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри раҳбарияти, маҳаллий ҳокимликлар, вазирлик ва идораларнинг ҳудудий тузилмалари, экспортчи корхоналар ва фермер хўжаликлари раҳбарлари қатнашди.
Йиғилишда 2017 йил якуни бўйича прогноз кўрсаткичлари тўлиқ бажарилишини таъминлаш, миллий маҳсулотлар экспорти географиясини кенгайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспорт соҳасидаги фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда қишлоқ хўжалиги ва саноат маҳсулотларини ташқи бозорларга йўналтириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар муҳокама қилинди.
Давлатимиз раҳбари иқтисодиётнинг барқарор ва юқори ўсиш суръатларини сақлаб қолишнинг энг муҳим омилларидан бири бу мамлакат экспорт салоҳиятини изчил ошириш ва ундан тўлиқ фойдаланиш, мамлакатимиз ишлаб чиқарувчилари маҳсулотларининг ташқи бозорлардаги рақобатбардошлигини кучайтириш эканини таъкидлади. Шунингдек, корхоналаримизнинг анъанавий ташқи бозорлардаги ўрнини мустаҳкамлаш ва кенгайтириш, янги бозорларга кириб бориш бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтириш зарурлигига эътибор қаратилди.
Мамлакатимиз иқтисодий сиёсатида нореал рақамлар ортидан қувиш, амалда самара бермайдиган режалар ҳақида баландпарвоз гаплар билан сўз юритишдек номаъқул иш услуби танқид қилинди.
Ҳисобот учун эмас, муайян натижага эришишни мақсад қилган ҳолда иш юритишни ташкил қилиш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида 2017 йилда иқтисодий ўсиш 5,5 фоизни ташкил этди, экспорт ҳажми қарийб 15 фоизга кўпайди. 2018 йил давомида экспортнинг умумий молиявий қиймати 12,1 миллиард АҚШ долларига тенг бўлиши кутилмоқда.
Йиғилишда сўнгги бир йил давомида тадбиркорларнинг экспорт соҳасидаги фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида маҳсулотларни олдиндан тўлов асосида экспорт қилиш, валюта тушумларини мажбурий сотиш, ҳозирги кун талабига жавоб бермайдиган, ортиқча рухсатномаларни бекор қилиш ҳамда экспорт фаолиятида солиқ имтиёзларини қўллашни кенгайтиришга доир қабул қилинган қатор фармон ва қарорлар қабул қилингани таъкидланди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 22 декабрдаги парламентга Мурожаатномасида кўрсатилганидек, 2018 йилда экспорт соҳасида амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифаларга яна бир бор тўхталиб ўтилди. Яъни, Марказий Осиё мамлакатлари ва йирик ҳамкорларимиз – Хитой, Россия, Жанубий Корея, АҚШ, Туркия ва бошқа мамлакатларга амалга оширилган олий даражадаги ташрифлар давомида эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича қабул қилинган “йўл хариталари”ни ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш зарур. Тадбиркорлик субъектларини божхона кўригидан ўтказишда хавф-хатардан огоҳ этиш тизимини жорий этиш, божхона органлари томонидан бериладиган ортиқча ва замон талабига жавоб бермайдиган рухсатномаларни бекор қилиш ҳамда қўлланиладиган тартиб-таомилларни соддалаштириш лозим. Мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти ҳажмини кескин ошириш бўйича стратегия ишлаб чиқиш ва амалга ошириш мақсадга мувофиқдир.
Йиғилишда Вазирлар Маҳкамаси комплекслари, вазирлик ва идоралар, хўжалик бирлашмалари ҳамда ҳудудлар раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди ва муҳокама қилинди. Айрим тармоқлар ва ҳудудлар раҳбарларида масъулият, талабчанлик ва ташаббускорлик етишмаётгани, экспорт дастурини бажаришда сусткашликка йўл қўйилаётгани танқид қилинди.
Давлатимиз раҳбари тегишли мутасаддиларга мамлакат экспорт салоҳиятини ошириш, экспорт географияси ва номенклатурасини кенгайтириш, экспортчи корхоналарни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, янги тадбиркорлик субъектларини экспорт фаолиятига жалб қилиш юзасидан аниқ топшириқлар берди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти