Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Профилактика инспекторларига хизмат уйи ва автомашина топширилди
2017-12-25 | Жамият
24 декабрь санаси Бухоро вилояти ички ишлар бошқармаси тизимидаги таянч пунктлари профилактика инспекторларининг 251 нафари учун унутилмас кун бўлиб қолади.
Бухоро шаҳридаги "Ҳумо" теннис мажмуасида профилактика инспекторларининг қасамёд қабул қилиш ва уларга хизмат уйи ҳамда имтиёзли равишда бериладиган шахсий автомашина калитини топширишга бағишланган тантанали маросимда турли вазирлик ва идоралар ходимлари, вилоят ҳокимлиги мутасаддилари, жамоатчилик вакиллари, профилактика инспекторларининг оила аъзолари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири П.Бобожонов ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида ички ишлар тизими фаолиятини такомиллаштиришга доир кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани, соҳанинг ҳуқуқий асоси мустаҳкамланиб, ходимларнинг самарали фаолият юритиши учун қулай шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Тантанали қасамёд қабул қилиш маросимидан сўнг давлатимиз раҳбарининг жорий йил 20 апрелдаги “Ички ишлар органлари таянч пунктларининг профилактика инспекторларини хизмат уй-жойи билан таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, уларга хизмат уйи ва имтиёзли кредит асосида сотиб олинган янги хизмат автомашинаси калитлари топширилди.
– Шу пайтгача доимий яшаш жойимдан 30 километр узоққа қатнаб ишлар эдим, – дейди Пешку тумани Алишер Навоий номидаги ва “Ўзбек” маҳалла фуқаролар йиғинлари профилактика инспектори капитан Жаҳонгир Муҳидов. – Энди оилам билан уч хонали хизмат уйида, бевосита маҳалла ҳудудида яшайдиган бўлдим. Бу ҳудудда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган тадбирлар самарадорлигини янада ошириш имконини беради. Қолаверса, имтиёзли кредит асосида “Matiz” русумли автомашинали ҳам бўлдим. Бу воқеа жойига ўз вақтида етиб бориш, вазиятни тез ўрганишда жуда қўл келади.
Жорий йил октябрь ойида вилоятда ички ишлар органлари таянч пунктлари профилактика инспекторларининг 120 нафарига хизмат уйи ва имтиёзли кредит асосида хизмат автомашинаси калити берилган эди. Шу тариқа 371 профилактика инспектори учун ана шундай имконият яратилди.
Эркин Ёдгоров, Тоҳир Истатов (сурат), ЎзА
Манба: ЎзА