Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Роберт Фудерич: Ўзбекистонда болалар энг катта бойлик сифатида қадрланади
2015-04-15 | Жамият
ЮНИСЕФнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари Роберт Фудерич ЎзА мухбирига юртимизда соғлом авлодни тарбиялашга қаратилаётган эътибор самаралари, Ўзбекистон ва ЮНИСЕФ ҳамкорлигида амалга оширилган ишлар ҳамда истиқболдаги режалар хусусида гапириб берди:
Ўзбекистонда болалар энг катта бойлик сифатида қадрланади. Соғлом авлодни тарбиялаш давлат сиёсатининг устувор йўналиши этиб белгиланган. Ўзбекистон Республикаси ўз Конституциясини қабул қилганидан бир кун ўтиб – 1992 йил 9 декабрда Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга қўшилганида ҳам чуқур рамзий маъно бор.
Мамлакатингизда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, уларни мунтазам тиббий кўрикдан ўтказиш ва соғломлаштириш, касалликлар профилактикаси, болалар спортини ва таълим-тарбиясини янада ривожлантириш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилаётгани қувонарлидир.
Ўзбекистон билан ЮНИСЕФ ўртасида имзоланган 2010-2015 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастурига мувофиқ ташкилотимиз она ва бола саломатлигини мустаҳкамлаш, тўғри овқатланишни тарғиб этиш, ОИВнинг олдини олиш, мактабгача таълим ва мактаб таълими сифатини янада оширишга ҳисса қўшмоқда. «Соғлом бола йили» Давлат дастурини амалга оширишда ҳам фаол иштирок этди.
Жорий йил 2010-2015 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастуримиз ниҳоясига етказилиши ҳамда янги беш йиллик дастур ишлаб чиқилиши билан аҳамиятлидир.
ЮНИСЕФ Ўзбекистон билан соғлиқни сақлаш, таълим ва болаларни ҳимоя қилиш соҳаларида ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ниятида. 2016-2020 йилларга мўлжалланган янги дастурни амалга оширишда миллий устуворликлар, Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция ҳамда ўзаро ҳамкорлигимиз тажрибасига таянамиз.
Ваколатхонамиз она ва бола саломатлиги соҳасидаги фаолиятини давом эттиради. Пневмония, диарея ва туғруқ асоратларининг олдини олиш орқали болалар ўлимини камайтиришга ҳисса қўшади. Хусусан, бу йил болаларнинг пневмонияга чалинишининг олдини оладиган янги вакцина амалиётга татбиқ этилади.
Оналар ва болалар саломатлиги соҳасида фаолият юритувчи беш мингдан зиёд мутахассис янги билим ва кўникмаларга эга бўлиши учун қўшимча ўқитилиши режалаштирилмоқда. Бу шифокор ва ҳамшираларнинг малакасини оширишга, тиббий хизмат сифатини янада юксалтиришга хизмат қилади.
Ўзбекистон болаларнинг ҳар томонлама камол топиши учун мактабгача таълим тизимини ривожлантириш, боғчаларга жалб этилган болалар қамровини кенгайтиришга катта эътибор қаратмоқда. Ташкилотимиз бу борадаги саъй-ҳаракатларни амалга оширишга кўмаклашади. Чекка ҳудудлардаги болаларнинг мактабга тайёрланишига ёрдамлашувчи ярим кунлик таълим гуруҳлари фаолиятини қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратамиз.
ЮНИСЕФ учун 2015 йил масъулиятли ва самарали бўлиши кутилмоқда. Ташкилотимиз болалар ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасида Ўзбекистондаги давлат ва жамоат ташкилотлари, БМТнинг бошқа таркибий тузилмалари билан ҳамкорликни янада кенгайтиради.
Манба: ЎзА