Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Фаровонлик учун овоз берилмоқда
2017-12-24 | Сайлов
Яшнобод туманидаги 481-сайлов участкаси 24-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида жойлашган. Бу ер сайловчилар билан гавжум. Улар танлаган номзодига овоз беришга ошиқмоқда. Нуроний отахон неварасига нималардир деб, кириб келмоқда.
– Неварам 1-синфда ўқийди. Жуда қизиқувчан-да, сайловга бориб келамиз, десам, саволларни ёғдириб ташлади. Сайлов нима дегани, қандай сайлаймиз, кимга овоз берамиз, у киши кейин бизга нима беради? Шу саволларга жавоб бериб келаяпман, – дейди Азимжон ота Шорустамов. – Президентимиз таклифи билан жорий этилаётган пойтахтимиз туманлари халқ депутатлари Кенгашлари бизни хурсанд қилди, айни пайтда, ҳар биримизда фахр-ифтихор уйғотди, дахлдорлигимизни оширди. Демак, биз ҳам ўзимиз сайлаган вакиллар орқали туманимизни бошқаришда иштирок этиш имкониятига эга бўлаяпмиз. Биз овоз берган, сайлаган номзоддан умидимиз катта. Шу ҳудуд аҳолиси ташвишлари, муаммоларини биргаликда ҳал этишдан манфаатдормиз.
Азимжон ота овоз бериш учун кабина томон кетди. Биз бу ердаги жараён билан танишдик.
Мазкур сайлов участкасида 1 минг 700 дан ортиқ сайловчининг овоз бериши кутилмоқда. Уларнинг 7 нафари бу йил илк бор сайловда иштирок этаётган ёшлардир. Сайлов участкаси давлат рамзлари, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, зарур адабиёт ва қўлланмалар, овоз бериш кабина ва қутилари, она ва бола, тиббиёт хоналари учун зарур жиҳозлар билан таъминланган. Тошкент шаҳар халқ депутатлари Яшнобод туман Кенгаши депутатлигига номзодлар ҳақида маълумот, номзодлар дастури аҳолига ўз вақтида етказилди.
481-сайлов участкасида сайлов куни белгиланган жойга келолмайдиган фуқаролар ҳам эътиборга олинган. Хусусан, 4 ногирон рўйхатга олинган бўлиб, сайлов участкаси аъзолари уларнинг уйига бориб, тегишли тартибда овоз беришини ташкил қилмоқда.
Ҳар бир сайловчи кўзида ишонч ҳисси зоҳир. Зеро, улар турмуш фаровонлиги, оиласи, яқинлари, ўз ҳудуди ёруғ келажаги учун овоз бермоқда.
Манба: ЎзА