Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Сенатда ички ишлар вазири ахборот берди

2017-12-21 | Сиёсат

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн учинчи ялпи мажлисида Ўзбекистон ички ишлар вазири П.Бобожоновнинг ички ишлар органларининг жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасидаги фаолияти тўғрисидаги ахбороти эшитилди. 

Қайд этилганидек, мамлакатимизда аҳолининг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашиш бўйича бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш ва шу орқали жамиятимизда тинч ва осуда ҳаётни таъминлаш борасида янги механизм жорий этилди. 

Олий Мажлиси Сенати томонидан жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ишлари устидан кучли жамоатчилик ва парламент назоратини ўрнатиш тизими йўлга қўйилди. 

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 10 апрелдаги “Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ички ишлар органлари тизимида туб ислоҳотларни янги босқичга кўтарди. 

Ички ишлар органларида ҳокимлик, прокуратура ва кенг жамоатчилик вакиллари билан ҳамкорликда ҳар бир маҳалла миқёсида ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг барвақт олдини олиш, нохуш ҳолатларга замин яратаётган шарт-шароитларни бартараф этиш бўйича илмий асосланган “ҳаракатлар формуласи” асосида иш ташкил этилмоқда. 

Ички ишлар органлари қуйи бўғин бўлинмаларини кучайтиришга йўналтирилган чора-тадбирлар ҳамда секторларда самарали ишни ташкил этиш, аҳолининг энг муҳим муаммоларини ечиш орқали уларнинг ишончини оқлаш ва жамоатчилик кучидан кўпроқ фойдаланилиши натижасида республика ҳудудида жиноятларнинг камайишига эришилди. 

Жумладан, жорий йилда мамлакатимизда жиноятлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 11 минг 788 тага, жиноят қидирув йўналишидаги жиноятлар 5 минг 722 тага пасайган. Уларни турлари бўйича таҳлил қиладиган бўлсак: қотиллик 122 тага, қасддан баданга оғир тан жароҳати етказиш 94 тага, номусга тегиш 92 тага, босқинчилик 78 тага, талончилик 142 тага, ўғирлик 511 тага, фирибгарлик 107 тага, безорилик 848 тага, транспорт воситаларни олиб қочиш 17 тага камайган. 

Профилактика инспекторларига самарали хизмат қилишлари учун зарур шарт-шароитлар яратилаётгани уларнинг хизмат самарадорлиги ошишига замин яратмоқда. Жорий йилда мамлакатимизнинг 1 минг 79 маҳалласида биронта ҳам жиноят содир этилишига йўл қўйилмади. 

Энг муҳими, Хоразмда “Жамоатчилик назорат масканлари” йўлга қўйилгани эвазига мавжуд маҳаллалардан 25 фоизи, Наманган шаҳри “Орзу” маҳалласидаги ижобий тажрибадан самарали фойдаланилиши натижасида вилоятнинг 20 фоиз маҳалласи жиноятдан ҳоли ҳудудга айлантирилишига эришилди. 

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасида 107, Сурхондарёда 139, Жиззахда 53, Навоийда 52, Андижонда 126 маҳаллада жиноят содир этилмади. 

Бунда Президентимиз ташаббуси асосида ҳар ҳафтанинг пайшанба куни “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни”, чоршанба куни “Ёнғинлар профилактикаси” тадбирлари ўтказилаётгани ўзининг ижобий самарасини бераётир. 

Шунга қарамай, жиноятчилик статистикаси олиб борилаётган ишлар бугунги кун талабларига ҳали жавоб бермаслигини кўрсатмоқда. Амалга оширилган комплекс ислоҳотларга қарамасдан, айрим раҳбар ходимлар томонидан унинг мазмун-моҳиятини тўлиқ тушунмасдан, ўзига тўғри хулоса чиқармасдан, ҳануз эски қолип асосида иш олиб бормоқда. Бунинг оқибатида қатор ҳудудларда оғир ва ўта оғир жиноятларнинг ошиб кетишига, қидирувда юрган шахсларнинг сони кун сайин ошиб боришига сабаб бўлмоқда. 

Мажлисда бундай ҳолатларга барҳам бериш юзасидан таклиф ва мулоҳазалар билдирилди. 

Норгул Абдураимова, ЎзА 

Манба: ЎзА

Поделиться