Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Кенг қамровли ислоҳотларнинг ҳуқуқий асослари
2017-12-20 | Сиёсат
Бугун пойтахтимизда очилган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн учинчи ялпи мажлисида йигирмадан ортиқ масалалар кўриб чиқилади.
Кеча парламент юқори палатаси қўмиталарида ялпи мажлис кун тартибига киритилган, яъни аҳоли фаровонлигини юксалтириш, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳасини барқарор ривожлантириш, Ватанимизнинг ёруғ келажагини бунёд этишга қаратилган долзарб масалалар дастлабки тарзда кўриб чиқилди. Сенаторлар ҳар бир масалани масъул идоралар, жамоат ташкилотлари мутахассислари иштирокида атрофлича муҳокама қилиб, кун тартибидаги қонунлар ҳудудлар ижтимоий-иқтисодий равнақида қандай ўрин тутишига, халқимиз ҳаётига қандай таъсир ўтказишига алоҳида эътибор қаратишди.
— Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида жамиятда ижтимоий адолат тамойилини қарор топтириш борасидаги асосий вазифамиз — бу адолатли қонунлар қабул қилишдан иборат, деб алоҳида таъкидлади, — деди сенатор И. Абраров. — Чунки қонун адолатли бўлса, у инсон ҳуқуқларини амалда ҳимоя қилса, шундагина одамлар қонунни ҳурмат қилади ва унга итоат этади. Сенатнинг ўн учинчи ялпи мажлисига киритилган масалаларнинг катта қисми айнан қонунлар эканлигини инобатга оладиган бўлсак, бу ҳар бир халқ вакилидан янада жиддийроқ ёндашишни талаб этади. Шунчаки қонунни маъқуллаб овоз бериш билан иш битмайди. Биз маъқулланган ҳар бир ҳужжатнинг мазмун-моҳиятини аҳолига кенг тушунтиришда ҳамда унинг бажарилишида фаол қатнашишимиз, қонун ҳужжатлари ижроси устидан таъсирчан парламент ва сенатор назоратини ўрнатишимиз айни заруратдир.
Юқори палатанинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси мажлисида Ўзбекистон Республикасининг 2018 йилги Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетлари ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, мазкур ҳужжатда кўзда тутилган чора-тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан белгилаб берилган мақсад ва вазифаларни, шунингдек, 2017 — 2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясидаги устувор йўналишлар ижросини таъминлашга қаратилган. Давлат бюджети биринчи марта жаҳон молия институтлари томонидан эътироф этилган макроиқтисодий кўрсаткичлар, баҳолаш индекслари асосида тузилган.
— Давлат бюджетида аввалги йиллар каби келгуси йилда ижтимоий соҳа ҳамда аҳолини ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга йўналтирилган харажатлар устуворликлари сақлаб қолинади, — деди қўмита аъзоси Т. Искандаров. — Ижтимоий адолат тамойилини таъминлаш, кўмак ва ёрдамга муҳтож инсонлар, ногиронлиги бўлган шахсларнинг тўлақонли ҳаёт кечиришлари учун муносиб шароит яратиб бериш ишлари фаол давом эттирилади. Умуман, келгуси йилда ҳам арзон уй-жойлар барпо қилиш бўйича мақсадли дастурларни амалга ошириш, аҳолининг ҳаёт шароитлари яхшиланишини таъминловчи йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ҳамда ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ва модернизациялаш, аҳолини ижтимоий ҳимоялашнинг манзиллилиги ҳамда давлат томонидан қўллаб-қувватланишини кучайтириш мақсадларига алоҳида аҳамият қаратилиши “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган тамойилнинг ҳаётий ифодасидир.
Яна бир муҳим жиҳат. Мамлакатимизнинг бош молиявий ҳужжатида маҳаллий бюджетларнинг даромад қисмини мустаҳкамлашга, уларнинг мустақиллигини оширишга қаратилган бюджетлараро муносабатларни такомиллаштириш, ҳудудий ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини фаол амалга ошириш назарда тутилган.
Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлисида эса Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг ички ишлар органларининг жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасидаги фаолияти тўғрисидаги ахбороти ҳақидаги масала дастлабки тарзда кўриб чиқилди. Унда асосий эътибор Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 15 ноябрь куни мамлакатимизда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида белгиланган вазифалар ижроси, бу борада мавжуд муаммолар ҳамда уларни ҳал этиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар, шу жумладан, сенаторлар зиммасига юкланган вазифалар ижросига қаратилди.
Қўмиталар мажлисларида ялпи мажлис кун тартибига киритилган масалалар мамлакатимизда давлат ва жамият қурилишининг барча жабҳасини янгилаш бўйича олиб борилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, пировардида эса одамларнинг ҳаётдан, давлатдан рози бўлиб яшашига қаратилгани таъкидланиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги