Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурларини шакллантириш ва молиялаштиришнинг янги тартибини жорий этиш тўғрисида

2017-12-19 | Ҳужжатлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
 

Мамлакатда йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш, замонавий юқори технологияли ишлаб чиқариш объектларини барпо этиш мақсадида иқтисодиётни жадал ривожлантириш, чет эл инвестицияларини фаол жалб қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. 

Шу билан бирга, мазкур соҳадаги фаолиятнинг самарадорлигига, энг аввало, мавжуд ресурслардан нооқилона фойдаланиш, инвестиция дастурига киритилган лойиҳаларнинг иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқлиги ва рентабеллиги юзаки ўрганилганлиги билан боғлиқ қатор камчиликлар салбий таъсир кўрсатмоқда. 

Амалдаги ресурсларни, шунингдек, инвестициялар, энг аввало, хорижий инвестицияларни жалб этишнинг реал имкониятларини инобатга олган ҳолда иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларни узоқ муддатли ривожлантириш концепцияси мавжуд эмас. Бунинг оқибатида иқтисодий жиҳатдан истиқболли бўлмаган лойиҳаларни ташаббус қилиш, молиявий маблағларни самарасиз сарфлаш ҳолатлари мавжуд бўлиб, бу охир-оқибатда, умуман, мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини пасайтиришга олиб келади. 

Мазкур ҳолатлар инвестиция дастурларини шакллантириш тартиби, уни молиялаштириш механизмларини тубдан қайта кўриб чиқишни, амалга оширишга таклиф этилган лойиҳаларни танлаб олишнинг шаффофлиги ва самарадорлигини оширишни талаб қилади. 

Ривожланиш давлат дастурларини шакллантириш тартибини янада такомиллаштириш, лойиҳаларни молиялаштириш ва танлаб олишнинг самарадорлиги ва шаффофлигини таъминлаш, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ: 

1. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлигининг: 

марказлаштирилган манбалар маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган, шу жумладан, ҳудудлар ва иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш бўйича лойиҳаларни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланадиган Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурлари (кейинги ўринларда ривожланиш давлат дастурлари деб юритилади) асосида амалга ошириш тартибини жорий этиш; 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурларини молиялаштириш жамғармасини (кейинги ўринларда Жамғарма деб юритилади) ташкил этиш ҳақидаги таклифлари қабул қилинсин. 

2. Белгилаб қўйилсинки: 

ривожланиш давлат дастурларига киритилган, молиялаштиришнинг марказлаштирилган манбалари белгиланган лойиҳаларни молиялаштириш фақат Жамғарма орқали амалга оширилади; 

Жамғарма маблағлари Ўзбекистон Республикаси Марказий банкидаги ҳисобварақларда жамланади;

Жамғарманинг ижро этувчи органи ва маблағларининг тасарруф этувчиси Жамғарманинг ижро этувчи дирекцияси ҳисобланади; 

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Инвестициялар, инновацион ривожлантириш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолиятини мувофиқлаштириш, туризм масалалари комплекси раҳбари Жамғарманинг ижро этувчи директори ҳисобланади; 

Жамғарманинг ижро этувчи директори ва унинг ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш шартлари Жамғарма Кузатув кенгаши томонидан белгиланади. 

3. Қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари этиб белгилансин: 

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва давлат бюджетдан ташқари жамғармаларнинг ривожланиш давлат дастурларига киритилган лойиҳаларни молиялаштириш учун мўлжалланган маблағлари; 

Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг ривожланиш давлат дастурларини амалга ошириш учун ажратилган маблағлари; 

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати кафолати билан жалб этиладиган чет эл кредитлари; 

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорлари билан белгиланадиган бошқа манбалар. 

4. Қуйидагилар: 

Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурларини шакллантириш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ; 

Жамғарма Кузатув кенгашининг таркиби 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин. 

5. Белгилаб қўйилсинки: 

ривожланиш давлат дастурлари тегишли ривожланиш концепциясини ҳисобга олган ҳолда тасдиқланадиган, узоқ муддатли истиқболда, қоида тариқасида, 10-15 йилда Ўзбекистон Республикасининг тармоқ, ҳудудий ва мақсадли ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг устувор йўналишларини амалга ошириш бўйича комплекс кўринишни ва стратегик вазифаларни жамлаган тармоқ, ҳудудий ва мақсадли лойиҳалар портфели асосида шакллантирилади; 

ривожланиш давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва реализация қилиш бўйича ишларни мувофиқлаштириш Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси томонидан Иқтисодиёт вазирлиги билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Инвестициялар, инновацион ривожлантириш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолиятини мувофиқлаштириш, туризм масалалари комплекси раҳбарининг бошчилигида амалга оширилади; 

ривожланиш давлат дастурларини молиялаштириш учун мўлжалланган номарказлаштирилган инвестициялар Жамғармада ҳисобга олинади; 

ривожланиш давлат дастурларини тасдиқлаш Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигининг улар бўйича ижобий хулосаси бўлган ҳоллардагина амалга оширилади; 

марказлаштирилган манбалар ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳаларни ривожланиш давлат дастурларига киритиш Жамғарма Кузатув кенгашининг ижобий қарори бўлган ҳоллардагина амалга оширилади; 

ривожланиш давлат дастурларини молиялаштириш учун тижорат банкларининг кредитлари лойиҳаларнинг лойиҳа-смета ҳужжатлари ва бизнес-режалари пухта ва ҳар томонлама ўрганилгандан сўнг, шунингдек, тижорат банки кредит қўмитасининг ижобий қарори мавжуд бўлган ҳолларда тақдим этилади. 

6. Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлиги икки ҳафта муддатда Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигига ривожланиш давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича ишларни ташкил этиш учун зарур бўлган маълумотлар базалари ва бошқа ахборотлар тақдим этилишини таъминласин. 

7. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда: 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига Жамғарма фаолиятини ташкил этиш тўғрисида Ҳукумат қарори лойиҳасини; 

Ўзбекистон Республикаси Президенти девонига ривожланиш давлат дастурларига киритиладиган лойиҳаларнинг лойиҳаолди, лойиҳа ва тендер ҳужжатларини ишлаб чиқиш, экспертизадан ўтказиш ва тасдиқлашни, шунингдек, бошқа давлат органлари ва ташкилотларнинг вазифа ва штат бирликларини оптималлаштириш орқали Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги тизимида мазкур ҳужжатлар ва импорт контрактларининг комплекс экспертизасини амалга ошириш учун масъул бўлган махсус тузилмани ташкил этишни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳасини киритсин. 

8. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Жамғарманинг ижро этувчи дирекцияси фаолиятини молиялаштиришга маблағларни 2018 йил 1 январдан асослантирилган ҳисоб-китоблар бўйича ажратсин ҳамда ҳар йили Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети харажатларида назарда тутсин. 

9. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 12 сентябрдаги “Капитал қурилишда хўжалик муносабатлари механизмини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 395-сон қарорида: 

3-банднинг тўртинчи хатбошиси чиқариб ташлансин; 

4-илова ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин. 

10. Адлия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин. 

11. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.Р.Холмуродов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги директори Ш.М.Садиков зиммасига юклансин. 



Ўзбекистон Республикаси Президенти                              Ш.МИРЗИЁЕВ 

Тошкент шаҳри, 2017 йил 18 декабрь 

Манба: ЎзА

Поделиться