Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Навбатдаги сайёр қабул Фарғона вилоятида ташкил этилди
2017-12-17 | Жамият
Ўзбекистон Республикаси Президентининг топшириғи ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 13-14 декабрь кунлари Адлия вазири Р.Давлетов, вазир ўринбосари А.Ташкулов, вазирлик ҳамда Фарғона вилоят адлия бошқармаси масъул ходимлари томонидан Фарғона вилоятининг Риштон тумани ва Фарғона, Қўқон ва Марғилон шаҳарларида 200 нафарга яқин аҳоли билан очиқ мулоқотлар ўтказилди.
Бўлиб ўтган мулоқотларда 189 та мурожаатлар қабул қилинди. Ушбу мурожаатларнинг асосий қисмини, яъни 41 таси уй-жой ва ер ажратиш, 34 таси кўмир ва газ таъминоти, 33 таси ҳуқуқий идоралар ва суд қабул қилган қарорлардан норозилиги, 29 таси иш билан таъминлаш ҳамда 13 таси тадбиркорлик фаолияти соҳаси билан боғлиқдир. 50 дан ошиқ мурожаат жойида ҳал этилди.
Жойида ҳал этилган мурожаатларнинг аксарияти тадбиркорлик фаолияти, иш билан таъминлаш, кўмир ва газ таъминоти, аҳолига моддий ёрдам кўрсатиш ва унинг саломатлигини тиклаш соҳаларига тўғри келади.
Мисол учун, узоқ муддат давомида ҳал этилмай келинаётган “Универсал Алекс” кичик корхонаси ва “Фарғона азот” АЖ, “Фергана Фортуна Атлантик Оил” ва Фарғона нефтни қайта ишлаш заводининг 100 кВтлик уч фазали электр таъминотига уланиш келишувига эришишига амалий ёрдам берилди, 11 та фуқаро иш билан таъминланди, 7 та фуқароларга моддий ёрдам ва уларнинг саломатлиги тиклашлари учун тегишли ордер ва йўлланмалар олинишига ёрдам берилди.
Шу билан бирга вилоятда ўтказилган халқ билан мулоқотда фуқароларнинг билдирилган 130 та мурожаатларининг ижроси Адлия вазирлиги томонидан алоҳида назоратга олинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги