Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Қорақалпоғистонда ирригация тармоқларидан фойдаланиш самарадорлиги ортади

2017-12-15 | Сиёсат

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикасида мелиорация ва ирригация тармоқларини қуриш ва реконструкция қилиш лойиҳалари билан танишди. 

2013-2017 йилларда Оролбўйи минтақасида бюджет ва марказлашган капитал маблағлар ҳисобидан 248 миллиард сўмлик ирригация-мелиорация тадбирлари амалга оширилиб, 140 минг гектар майдоннинг сув таъминоти ва 231 минг гектар ернинг мелиоратив ҳолати яхшиланди. 

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 27 ноябрдаги “2018-2019 йилларда ирригацияни ривожлантириш ва суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш Давлат дастури тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтиришга хизмат қилади. 

Ушбу қарорга мувофиқ келгуси икки йилда қарийб 140 километр каналлар ҳамда 63 гидротехник иншоот реконструкция қилиниб, 60 минг гектар суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланади. 246 километрдан ортиқ коллекторларни қуриш-реконструкция қилиш, 3 минг 735 километр узунликдаги коллекторларни таъмирлаш ва тиклаш ишлари амалга оширилади. Натижада 89 минг гектар майдоннинг мелиоратив ҳолати яхшиланиб, қишлоқ хўжалиги экинларидан олинадиган ҳосилдорликни оширишга эришилади. 

Тўрткўл туманида барпо этилиши режалаштирилаётган Шўрбулоқ сув омбори Амударёнинг қуйи оқимида сув тақчил йилларда сув таъминотини яхшилаш, ҳудудда балиқчилик, чорвачилик, боғдорчиликни ривожлантириш ва қўшимча иш ўринлари яратиш имконини беради. 

Маълумки, Орол денгизи сатҳи пасайиб, қирғоқдан 180-200 километр узоқлашиб кетгани Амударёнинг қуйи оқимига кириб келувчи сувлар юқори нишабликдан тушиши ва Муйноқ туманидаги Дарё оралиғи сув омбори яқинида жарликлар ҳосил бўлишига олиб келмоқда. Бу сув омборидаги сув Орол денгизи томон оқиб кетиб, Муйноқ сув омбори, Рибачье, Мақпалкўл, Закиркўл кўлларига сув етиб бормаслиги, ҳудуддаги балиқ ва ҳайвонот дунёси йўқ бўлиб кетиш хавфини туғдирмоқда. 

Ушбу хавфнинг олдини олиш мақсадида 2013-2017 йилларда шимолий ва шарқий дамбаларни реконструкция қилиш ҳамда сув ўтказиш қобилиятини тиклаш ишлари бажарилди. Навбатдаги босқичда Майпост кўли бўйлаб тўғон йўлини тиклаш ва кўлдан Амударёнинг эски ўзанига сув ўтказиш имконини берадиган гидротехник иншоотни қуриш мўлжалланган. 

Давлатимиз раҳбарига чет эл инвестиция дастурлари асосида жанубий Қорақалпоғистонда сув ресурсларини бошқаришни яхшилаш лойиҳаси тўғрисида ҳам маълумот берилди. 

Лойиҳа асосида амалга оширилаётган ишлар натижасида Элликқалъа, Беруний ва Тўрткўл туманларида 100 минг гектарга яқин майдон сув билан таъминланиб, йилига 269 миллион кубометр сув тежалади. 23 насос станцияси, Сув истеъмолчилари уюшмаси ва фермер хўжаликлари ҳисобидаги 450 дан ортиқ насос агрегатлари тўхтатилиши ҳар йили 52 миллион киловатт соат электр энергиясини иқтисод қилиш имконини беради. 

Президентимиз ирригация соҳасидаги лойиҳаларни сифатли бажариш ва минтақада сув ресурсларидан тежаб фойдаланиш юзасидан тавсиялар берди. 

 

Матназар Элмуродов, ЎзА 

Манба: ЎзА

Поделиться