Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикасига ташрифини Чимбой туманидаги 8-сонли мактабгача таълим муассасасидан бошлади
2017-12-15 | Сиёсат
Давлатимиз раҳбарининг ташрифни болалар боғчасидан бошлаганида катта маъно мужассам. Президентимиз ўзининг ҳар бир чиқишлари ва ҳудудларга ташрифида мактабгача таълим сифатини ошириш, мактабгача таълим муассасаларида болаларни мактабга сифатли тайёрлашни тубдан яхшилаш, таълим-тарбия жараёнига жаҳон амалиётида кенг қўлланиладиган замонавий таълим дастурлари ва технологияларини жорий этиш ташаббусини илгари сурмоқда ва бу борада муҳим вазифаларни қўймоқда.
Президентимизнинг 2016 йил 29 декабрдаги “2017-2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилиниб, мактабгача таълим муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, жумладан, қишлоқ аҳоли пунктларида янги ана шундай иншоатлар қуриш, уларни замонавий инвентарь, ускуналар, ўқув-методик қўлланмалар, мультимедиа ресурслари билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда.
Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 30 сентябрдаги мактабгача таълим тизимини бошқаришни тубдан такомиллаштириш тўғрисидаги фармони билан эса Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилди. Янги вазирликнинг асосий вазифалари босқичма-босқич барча болаларни мактабгача таълим тизимига қамраб олиш, мамлакатда ўзаро рақобат қилувчи давлат ва нодавлат МТМлари тармоғини яратиш, амалиётга мактабгача таълим ва болаларни тарбиялашнинг муқобил шаклларини жорий этишдан иборат.
Мазкур қарор ва фармон ижроси юзасидан бугун Қорақалпоғистон Республикасида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. 318 та мактабгача таълим муассасаси фаолият кўрсатаётган бўлиб, уларнинг 3 таси хусусий, 7 таси турли ташкилотлар тасарруфида. Уларда 48 минг 106 нафар, умумий болаларнинг 32 фоизи таълим-тарбия олмоқда.
Мазкур боғча 140 ўринга мўлжалланган бўлиб, 1992 йилда ташкил этилган. 37 нафар педагог ва тарбиячи уларга ғамхўрлик кўрсатиб келмоқда.
Давлатимиз раҳбари боғчада болаларга яратилган шароитлар билан танишди, тарбияланувчиларни яқинлашиб келаётган Янги йил байрами билан табриклади.
Мактабгача таълим тизимига алоҳида эътибор қаратаётганимиз бежиз эмас, деди Шавкат Мирзиёев. Ёшлар тарбиясига бугундан эътибор бермасак эртага кеч бўлиши мумкин.
Президентимиз болаларнинг овқатланиш рациони билан қизиқди.
Мактабгача таълим муассасаларини Қорақалпоғистоннинг иқлим шароитидан келиб чиқиб қуриш керак, деди Шавкат Мирзиёев. Ҳар бир хонани иситиладиган пол билан таъминлаш зарур. Бундан ташқари бу соҳа учун кадрлар тайёрлаш тизимини ҳам қайта кўриб чиқиш керак. Бунинг учун олий таълим муассасалари қошида махсус курслар ташкил қилиш лозим. Тарбиячилар савияси болалар келажаги учун муҳим аҳамиятга эга.
Давлатимиз раҳбари янги қурилаётган боғчалар лойиҳасини тайёрлашда Жанубий Корея тажрибасини татбиқ қилиш лозимлигини қайд этди.
Бундай иншоатларни эскича руҳдаги лойиҳалар асосида қуриш ўзини оқламаяпти. Болаларнинг ётоқхоналари ва дарсхоналарини кенг ва ёруғ қилиб бунёд қилишимиз, маъмурий хоналарни ихчамлаштиришимиз керак, деди Президентимиз.
Шу ерда 50, 100, 150 ўринли мактабгача таълим муассасаларининг намунавий лойиҳалари тақдимоти бўлиб ўтди. Янги лойиҳаларда мактабгача таълим муассасаларининг давлат ва нодавлат тармоқларини янада кенгайтириш, улар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, давлат ва хусусий сектор шериклиги шартларида мактабгача таълим муассасаларининг янги шаклларини жорий этиш каби маълумотлар ўз ифодасини топди.
Президентимиз педагогика коллежини тугатган ёшларни қайта тайёрлов курсларига жалб қилиб, уларни мактабгача таълим муассасаларига ишга қабул қилиш бўйича топшириқ берди.
Манба: ЎзА