Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Музокаралар кенг доирада давом этди
2017-12-14 | Сиёсат
Шавкат Мирзиёев ва Сооронбой Жээнбеков мулоқотни икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида кенгайтирилган таркибдаги музокарада давом эттирдилар.
Унда асосий эътибор Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт коммуникациялари, илмий-техникавий, банк-молиявий, маданий-гуманитар ва ҳудудлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш, энергетика, саноат, қишлоқ ва сув хўжалиги, туризм ва бошқа соҳалардаги алоқаларни мустаҳкамлаш масалаларига қаратилди.
Савдо-иқтисодий алоқалар ривожида Ўзбекистон Республикаси билан Қирғизистон Республикаси ўртасида икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия муҳим ўрин тутмоқда. Икки мамлакат Бош вазирлари мазкур комиссиянинг ҳамраислари этиб тайинлангани томонларнинг ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга юксак эътиборидан далолат беради.
Кейинги пайтда мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш кўрсаткичи суръат билан юксалмоқда. Жорий йилнинг январь-ноябрь ойларида ўзаро савдо ҳажми 56 фоиздан зиёдга ўсиб, 235 миллион доллардан ошди.
Аммо, музокарада таъкидланганидек, бу кўрсаткич икки мамлакатнинг мавжуд имкониятларини тўлиқ акс эттирмайди. Икки томонлама товар айирбошлаш номенклатурасини диверсификация қилиш ва яқин йилларда унинг ҳажмини 500 миллион долларга етказиш борасида улкан салоҳият мавжудлиги қайд этилди.
Ташқи савдо инфратузилмаси ва экспорт-импорт операцияларини қўллаб-қувватлаш механизмларини фаол ривожлантириш, биргаликда савдо уйлари очиш, бизнес-форумлар ва саноат маҳсулотларининг миллий кўргазмаларини ўтказиш зарурлиги таъкидланди.
Қирғизистон Президентининг расмий ташрифи доирасида ташкил этилган саноат маҳсулотлари кўргазмаси ва ишбилармонларнинг музокараларида икки мамлакатдан кўплаб етакчи бизнес вакиллари иштирок этгани, унинг якунида 140 миллион долларлик шартномалар имзолангани савдо-иқтисодий муносабатлар жадал ривожланиш палласига кирганини намоён қилади.
Иқтисодий ҳамкорлик ҳақида сўз борар экан, Қирғизистон Республикаси ҳудудида Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги техникаси, енгил автомобиллари, автобуслари, махсус прицеплари ва маиший буюмларини биргаликда йиғишни ташкил қилиш лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда қурилиш материаллари ва тўқимачилик саноатида қўшма корхоналар тузиш зарурлиги қайд этилди.
Томонлар бу лойиҳалар билан чекланмасдан, саноат кооперацияси соҳасида истиқболли йўналишларни биргаликда топишга келишиб олдилар.
Ишбилармонларнинг ташрифларини ташкил қилиш, ҳамкорликнинг барча соҳаларида қўшма тадбирлар ўтказиш, икки мамлакат фуқаролари ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш орқали Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасида ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга бундан буён ҳам алоҳида эътибор берилади.
Қирғизистон томони Ўзбекистоннинг икки мамлакат Бош вазирлари раҳбарлигида Ҳокимлар ва чегарадош вилоятлар маъмуриятлари раҳбарлари кенгашининг биринчи мажлисини ўтказиш тўғрисидаги таклифини қўллаб-қувватлади.
Президентлар қисқа муддатда жаҳон бозорларига чиқиш имконини берадиган транспорт ва транзит йўлакларни ривожлантириш соҳасида икки томонлама ҳамкорлик стратегик аҳамиятга эгалигини қайд этдилар.
Давлат раҳбарлари «Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой» темир йўлининг қурилиши имкон қадар тезлаштириш минтақа мамлакатларининг туб манфаатларига хизмат қилишини алоҳида таъкидладилар. Бу Марказий Осиёни жозибадорлигини ошириш ва унинг транзит салоҳиятини юзага чиқариш имконини беради.
2017 йил 30 октябрь-3 ноябрь кунлари «Андижон-Ўш-Иркиштом-Қошғар» йўналиши бўйича ўтказилган тажрибавий автопойгага юксак баҳо берилди. У минтақадаги транспорт йўналишларини диверсификация қилишда яна бир муҳим омил бўлди.
Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасида сув-энергетика соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Бу масалаларни конструктив тарзда ечиш учун Қўшма икки томонлама сув хўжалиги комиссиясини тузиш ва яқин вақт ичида унинг мажлисини ўтказишга келишиб олинди.
Гуманитар ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинар экан, Ўзбекистон ва Қирғизистон халқларининг урф-одатлари, маданияти, қадриятлари муштараклиги таъкидланди. Бизнинг тилимиз, динимиз, тарих ва меросимиз бир. Бу жиҳатлар маданий-гуманитар алоқалар ривожида муҳим омил бўлмоқда. Ўзбекистонда қирғиз тили ва маданияти, Қирғизистонда ўзбек тили ва маданиятини ўрганишга алоҳида эътибор қаратиляпти.
Бунинг натижаси ўлароқ, жорий йилда Қирғизистон театр ижодкорлари Фарғона водийсида, ўзбекистонлик санъаткорлар Ўш, Ўзган, Аравон, Новқат, Қорасув, Жалолобод шаҳарларида ижодий сафарда бўлди. Қирғизистонда Ўзбекистон маданияти кунлари ўтказилди.
Давлат раҳбарларининг келишувига биноан келаси йил Ўзбекистонда халқларимиз интиқиб кутган Қирғизистон маданият кунлари бўлиб ўтади. Шу билан бирга, 2018 йилда икки халқ Қирғизистоннинг атоқли адиби Чингиз Айтматов юбилейини кенг нишонлайди.
Шу муносабат билан Қирғизистон Республикаси Президенти давлатимиз раҳбарига Ўзбекистон Миллий университетида забардаст қирғиз ўғлони Чингиз Айтматовнинг ҳаёти ва ижодига бағишланган доимий кўргазма ташкил қилиш тўғрисида қарор қабул қилгани учун миннатдорлик билдирди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти