Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Шудгордан тайёр маҳсулотгача бўлган барча жараённинг эгаси аниқ
2017-12-12 | Иқтисодиёт
Бугунги кунда турли соҳалардаги инновация ва изланишлар янги ютуқларга эришиш, мустаҳкам рақобатни йўлга қўйишда муҳим омил бўлмоқда. Хусусан, мамлакатимизда аграр соҳани ислоҳ қилиш, қишлоқ хўжалигида замонавий усул ва технологиялардан оқилона фойдаланиш ижобий самаралар бермоқда.
Қишлоқ хўжалигида кластер усулининг жорий этилиши ерни шудгорлашдан ҳосилни йиғиштириб олишгача, хомашёдан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган барча жараёнда кўп босқичли комплекс ёндашув тизимини яратди. Бу усул, айниқса, енгил саноат корхоналарининг деҳқон ва фермер хўжаликлари билан ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашда ижобий самаралар бермоқда.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда кластер усулида фаолият юритадиган енгил саноат корхоналари янада қўллаб-қувватланмоқда. Президентимиз 2017 йил 28 март куни Навоий вилоятига ташрифи давомида Қизилтепа туманидаги Тошработ маҳалласида бўлиб, вилоятда енгил саноатни ривожлантиришга қаратилган қатор лойиҳалар билан танишган эди.
Вилоятдаги “Бахт текстиль”, “Тошработ текстиль” ва “Навбаҳор текстиль” масъулияти чекланган жамиятлари томонидан замонавий ва энергиятежамкор технологик ускуналар асосида кластер усулида сифатли трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда. Ушбу кластер иштирокчилари пахта толасини чуқур қайта ишлаб, жаҳон бозори талабларига мос экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаради.
Умумий қиймати қарийб 70 миллион долларлик ушбу лойиҳалар амалиётга татбиқ этилгач, пахта толаси тўлиқ қайта ишланади, ип-калавадан тайёр мато, матодан турли трикотаж маҳсулотлар тайёрланади.
Президентимиз Қишлоқ хўжалиги ходимлари кунига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида Ўзбекистон пахтачилигининг келажаги сифатида қаралаётган ва Навоий вилояти Қизилтепа туманида амалда қўлланган – пахтани етиштиришдан тортиб, тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган барча босқични ўзида мужассам этган кластер усулига алоҳида тўхталди. Хусусан, бу истиқболли тажрибани кенг ёйиш мақсадида юртимиздаги 30 дан зиёд енгил саноат корхонасига 400 минг гектардан ортиқ пахта майдони бириктириб берилишини таъкидлади.
Қизилтепа туманидаги 305 фермер хўжалигининг 8 минг 713 гектар пахта майдони Навоий шаҳрида фаолият юритаётган “Бахт текстиль” Ўзбекистон – Россия – Лихтенштейн қўшма корхонасига бириктирилди.
– Корхонамизда ишлаб чиқариш қуввати юқори бўлган замонавий технологиялар ўрнатилган, – дейди корхона раҳбари Ф.Турсунов. – Бунинг натижасида экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Давлатимиз раҳбари жорий йил март ойида вилоятга ташрифи давомида туманда пахта хомашёсини чуқур қайта ишлаш бўйича зарур кўрсатмалар берди. Дастлаб корхонамизга 2 минг гектар пахта майдони ажратилиб, айни пайтда тасарруфимиздаги ер майдони 4 баробар кенгайди. Жорий мавсумда туман миришкорлари билан тузилган шартнома режаси 110 фоиз бажарилгани кластер усулининг янада истиқболли эканини исботлади. Ерни шудгорлашдан тортиб, уруғ қадаш, ишлов ва ўғит бериш, ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари, бегона ўт ва ҳашаротларга қарши дори воситалари билан таъминлаш, ўз вақтида озиқлантириш ва суғориш ишлари мониторинги юритилди. Тизим ўзини оқлади. 42 нафар тажрибали мутахассис иш билан таъминланди.
Айни пайтда “Қизилтепа пахта тозалаш” акциядорлик жамиятида қайта ишланган пахта толаси тўлиқ чуқур қайта ишлаш учун корхонага йўналтирилди, 4 босқичли тизим асосида қайта ишланиб, тайёр маҳсулот ҳолига, яъни трикотаж кўринишига келтирилмоқда. Асосийси, 560 киши меҳнат қилаётган акциядорлик жамиятида кластер усули орқали яратилган тизим самарасида ўтган йилга нисбатан 9 миллиард 860 миллион сўм маблағ иқтисод қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни байрами арафасида “Бахт текстиль” қўшма корхонаси кўмагида Қизилтепа туманидаги фермер хўжаликлари 21 қишлоқ хўжалиги техникаси ва “GM Uzbekistan” корхонасида ишлаб чиқарилган автомобиллар харид қилди.
Мухтасар айтганда, вилоятдаги енгил саноат корхоналарининг кластер усулидан кенг фойдаланиши ҳудудда етиштирилаётган пахта хомашёсини шу ернинг ўзида тўлиқ қайта ишлаш, тайёр трикотаж маҳсулотларини экспортга йўналтириш, жаҳон бозоридан муносиб ўрин эгаллашига хизмат қилади.
Нуриддин Раҳимов, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА
Манба: ЎзА