Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ўзбек олими Хитой Фанлар академияси академиги унвонига сазовор бўлди

2017-12-12 | Фан

Ўзбекистон Фанлар академияси Биоорганик кимё институти директори, академик Шавкат Солиҳов илм-фан соҳасида қўлга киритган катта ютуқлари учун Хитой Фанлар академиясининг хорижий аъзолигига сайланди. 

Хитой Фанлар академияси президенти Бай Чунлининг ўзбекистонлик олимга йўллаган мактубида шундай жумлалар бор: «Мен Хитой Фанлар академияси ва ХХР ФА академик идоралар Президиуми президенти сифатида шуни қувонч билан маълум қиламанки, сиз 2017 йил 10 ноябрь куни бўлиб ўтган сайловда илмий ютуқларингиз ва Хитойда илм-фан ва технологиялар ривожига қўшган ҳиссангиз учун ХХР ФА хорижий аъзолигига сайландингиз». 

ХХР ФА хорижий аъзолиги юқори халқаро илмий нуфузга эга ва илм-фанни ривожлантиришга катта ҳисса қўшган чет эллик олимлар орасидан танлаб олинади. Биоорганик кимё ва биотехнология соҳасида илмий изланишлар олиб бораётган Шавкат Солиҳов Хитой Фанлар академиясига Ўзбекистондан сайланган биринчи, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигидан сайланган иккинчи олимдир. Шу пайтгача ХХР ФАнинг МДҲ мамлакатлари орасида ягона хорижлик аъзоси россиялик олим, физика бўйича Нобель мукофоти лауреати Жорес Алфёров эди. 

Шавкат Солиҳов раҳбарлигида биологик фаол бирикмаларни ажратиш ва уларнинг тузилишини ва амалга оширадиган механизмини ўрганиш асосида ўндан ортиқ оригинал дори воситаси ишлаб чиқарилган. Бу тадқиқотлар натижасида вирус ва яллиғланишга қарши, қон тўхтатувчи таъсирга эга препаратлар бугунги кунда тиббий амалиётда кенг қўлланилмоқда. 
Олимнинг саъй-ҳаракатлари билан мамлакатимизда Хитой Фанлар академиясининг биринчи хорижий марказларидан бўлган дори препаратларини тадқиқ этиш ва ишлаб чиқиш Марказий Осиё маркази ташкил этилаётир. Бу ерда яратиладиган дори воситаларини келгусида Хитой ва бошқа давлатларга экспорт қилиш мўлжалланмоқда. 

Ўзбек олимининг муваффақияти мамлакатимиз илм-фани салоҳияти халқаро даражада юксак баҳоланаётганининг ёрқин ифодасидир. Президентимиз томонидан мамлакатимиз илм-фанини ривожлантириш, жумладан, Ўзбекистон Фанлар академияси олимлари амалга ошираётган тадқиқотлар савиясини юксалтириш, бу жараёнда иқтидорли ёшларнинг фаол иштирокини қўллаб-қувватлашга қаратаётган эътибори бундай ютуқлар кўламини кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этади. 
Шавкат Солиҳов жорий йил январь ойида Хитой Фанлар академияси билан самарали ҳамкорлиги, истеъдодли олимларни тайёрлаш, академиянинг илмий тадқиқотлари ва инновациялари даражасини юксалтиришга қўшган ҳиссаси ҳамда йирик илмий лойиҳаларни ташкил этиш ва амалга оширишдаги хизматлари учун Хитой Фанлар академияси Халқаро илмий ҳамкорлик мукофоти билан тақдирланган эди. 

Бу йил Хитой Фанлар академиясига саккиз мамлакатдан 16 олим сайланган. Улар орасида Нобель мукофоти совриндорлари, Манчестер университети профессори Андрий Гейм (Буюк Британия) ва Шимоли-Ғарбий университет профессори Жеймс Фрейзер Стоддарт (АҚШ) ҳам бор. 

 

Матназар Элмуродов, Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться